Жаҳон | 01:00 / 25.11.2022
10601
2 дақиқада ўқилади

Эко-фаоллар Берлин аэропортини блоклаб қўйишди

Экология ҳаракати фаоллари Берлин аэропорти ҳудудига ёриб киришди.

Фото: Twitter/Letzte Generation

«Сўнгги авлод» (Letzte Generation) экологик ҳаракати фаоллари Берлин шаҳридаги Вилли Брандт аэропорти ҳудудига ёриб кириб, иккита учиш-қўниш йўлагини тўсиб қўйишди.

Улардан баъзилари ўзини асфальтга елимлаган, бошқалари велосипедда йўлак бўйлаб ҳаракатланган. Шунингдек, улар «Ҳукумат буни уддалай олмаса-чи» ёзувли баннерни ёйишган. Оқибатда самолётлар парвози тўхтатиб қўйилган.

Аэропорт матбуот хизмати хабарига кўра, қонунбузарлар аэропорт ҳудудидан олиб чиқилган ва самолётлар парвози тикланган. Шундай бўлса-да, баъзи рейслар кечикиши мумкинлиги айтилмоқда.

Фото: Twitter/Letzte Generation

4 ноябр куни «Сўнгги авлод» фаоллари Рим шаҳридаги Бонапарте саройида машҳур нидерландиялик рассом Винсент ван Гогнинг «Экувчи» картинаси устига шўрва қуйишган эди. 23 октябр куни улар Потсдамдаги Барберини музейида Клод Моненинг «Пичан уюмлари» картинасини картошка пюреси билан «безашди». 

«Сўнгги авлод» фаоллари бу акциялар орқали ҳукуматларни иқлим ўзгаришларига эътибор қаратишга ва табиатни асраб қолиш учун зарур чораларни кўришга чақирмоқда.

Мавзуга оид