“Қуйи Чотқол” ГЭС: халқ фаровонлиги йўлидаги яна бир йирик лойиҳа
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан 2022 йил 25 ноябрь куни Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида Чотқол дарёсида қурилаётган “Қуйи Чотқол” ГЭС тўғонини қуриш учун дарё ўзанини тўсиш бўйича тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда вазирлик, идоралар раҳбарлари, Хитойнинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси вакиллари, шунингдек, хорижий лойиҳа компаниялари, жумладан, Россия, Эрон, Туркия, Хитой хорижий давлатларининг лойиҳа бошқарув ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Тошкент вилояти ҳокими Мирзаев Зойир Тоирович очиб бериб, вилоятда қурилиши амалга оширилаётган мазкур йирик гидроэнергетик иншоот хусусида тўхталиб, Чотқол дарёсидаги йирик лойиҳанинг вилоят энергетика тизимида муҳим аҳамият касб этиши, вилоят аҳолисини экологик тоза ва арзон электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилиши борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Шундан сўнг “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов сўзга чиқиб, гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида тўхталиб, хусусан, “Қуйи Чотқол” ГЭСнинг техник хусусиятлари ва аҳамияти хусусида маълумот берди.
Маълумот ўрнида, “Қуйи Чотқол” ГЭС қурилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги “Чотқол дарёсида Қуйи Чотқол ГЭС қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан жадал суръатларда давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, барпо этилаётган ушбу ГЭС лойиҳасида ҳар бирининг қуввати 22,5 МВт бўлган 4 та гидроагрегатни ўрнатиш мўлжалланган. Гидротехник иншоотнинг ўрнатилган қуввати 90 МВт бўлиб, йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 300 млн кВт соатга тенг.
Шунингдек, ГЭСнинг тўлиқ ишга туширилиши 91,28 млн м3гача табиий газ иқтисод қилиш имкониятини беради. Қурилиши бошланаётган Қуйи Чотқол сув омборининг лойиҳа бўйича умумий баландлиги 50 метр, сув тўплаш ҳажми 6,8 млн м3га тенг. Янги иншоот 60 ой давомида, яъни 2021–2025 йилларда қурилиб, эксплуатацияга топширилиши режалаштирилган. Қайд этилган кўрсаткич, келажакда ўртача 125 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлайди. Мазкур қуриладиган иншоотлар келажакда халқимизга 100 йил давомида хизмат қилади.
Объектнинг айнан Қуйи Чотқол дарёсида қурилиши режалаштирилганининг сабаби мамлакатимиздаги энг йирик сув омбори ҳисобланган Чорвоқ сув омборининг ўртача 65 фоиз гидроресурслари айнан Чотқол дарёсидан оқиб келаётган сувлар ҳисобига шаклланишидир. Йилига ўртача 4-4,5 млрд мЗ сув оқиб ўтади. Янги қурилаётган ГЭС йил давомида 11 ой ишлаш имкониятига эга.
Эътиборли жиҳати қурилиш ишлари доирасида республикада биринчи марта махсус бетон қоришмаларидан фойдаланилади ҳамда мамлакатимиздаги илк бетон типидаги мустаҳкам тўғон барпо этилади.
Натижада мазкур тўғонда қуриладиган ГЭС кун давомида электр энергиясига талаб кескин ошган даврда (пиковое время), яъни ростловчи қувватларда электр энергияни ишлаб чиқариш имконини беради.
Қурилиш ишлари доирасида ҳамкорлик қилаётган хорижий компания вакиллари, хусусан, Туркиянинг “Долсар Инжирининг” компанияси консультанти Мелиҳ Ўздилим, Эрон Ислом Республикасининг “U SUV ALAN” Ltd директори Азиз Некзадлар сўзга чиқиб, ҳамкорлик доирасидаги амалий ишлар хусусида маълумот берди.
Шундан сўнг тадбирнинг кутилган асосий қисмига старт берилди. Қуйи Чотқол дарёси табиий оқими тоннель орқали ўтказила бошланди. Бу жараёндан кўзланган мақсад, ГЭС тўғони қурилишини бошлаш ҳамда келгусида эксплуатация жараёнларида ҳам тоннель орқали сув йўналишини бошқа томонга йўналтириш имкониятини яратиш ҳисобланади.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ахборот хизмати Ⓣ
Мавзуга оид
11:44 / 28.07.2024
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ кредит рейтингини Ўзбекистон ишлаб чиқарувчи ташкилотлари орасида ТОП учликка кирувчи кредит рейтингида сақлаб қолди
18:27 / 28.05.2024
Россия Ўзбекистонда иккита ГАЭС қурмоқчи
15:30 / 25.12.2023
Хонобод микро ГЕС фойдаланишга топширилди
16:00 / 19.10.2023