Франция президенти Эммануэль Макрон таклифига биноан давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг бу мамлакатга расмий ташрифи давомида давлатлар раҳбарлари томонидан иккита йирик кўргазма очилди. Лувр музейида очилган “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари. Карвон йўллари чорраҳасида” кўргазмаси ва Араб дунёси институтида ташкил этилган “Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” намойиши шулар жумласидан.

Луврдаги намойиш милоддан аввалги V—VI асрдан Темурийларгача бўлган даврларни қамраб олади, Араб дунёси институтидаги кўргазмада эса, XIX –XX аср ўрталарига оид экспонатлар, шунингдек, Ўзбекистон давлат музей тўпламларидаги Туркистон авангарди йўналишига оид мўйқалам асарлари ўрин олган.

Ҳаммаси нимадан бошланди?

2018 йилнинг октябрь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев биринчи марта расмий ташриф билан Францияда бўлди. Маданий дастур доирасида Лувр музейига экскурсия ташкил қилинди. Бу вақтда ушбу музейда Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросига бағишланган улкан кўргазмани ташкил қилиш ғояси шакллана бошлаётган эди ва давлатимиз раҳбари бу ғояни маъқуллади.

Бундан олдин кўплаб жуда муҳим воқеалар юз берганини ҳам таъкидлаш жоиз.

2009 йилда археолог ва илмий тадқиқотчи Рокко Ранте Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Самарқанд Археология институти жамоаси билан ҳамкорликда Бухорода ўтказилаётган археологик қидирув ишларига раҳбарлик қилган эди. Мамлакатимиз томонидан унга Жамол Мирзааҳмедов, сўнгра Абдисабур Раимқуловлар бошчилик қилган. 2011 йилда Ранте ўша пайтларда Лувр музейи президенти бўлган Анри Луареттани юртимизга таклиф этади. Тарихий материаллар кўздан кечирилгач, кўргазмани ташкиллаштиришни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинади ва бу қарор 2017 йилда қатъий тасдиқланади.

Бироз вақдан сўнг, Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида яна француз мутахассислари билан бирга олиб борилган бошқа қазилма ишлари давомида зардўштийлик даврига оид ноёб ўйма нақшли панно (деворий расм) топилади. Топилма дунё аҳамиятига молик ёдгорлик эди.

Тахминларга кўра, қазилма ишлари олиб борилган жойда ислом даври (VIII аср)гача ҳукмдорларнинг саройи бўлган. Қалъа ичидаги иншоотда ҳашаматли хона бўлгани аниқланган, унинг аксарият қисмини уч поғонали шоҳсупа эгаллаган. Олимларнинг фикрича, у ерда ҳукмдор тахтда ўтирган. Панно эса хона деворларини безаб турган.

Бундан ташқари, бошқа ноёб топилмалар ҳам топилган. Шу тариқа, Ўзбекистон тарихий ва маданий жиҳатдан ниҳоятда қимматбаҳо ёдгорликларни жаҳонга кўрсата олиши аниқ бўлди.