Иқтисодиёт | 09:14 / 26.11.2022
6371
2 дақиқада ўқилади

БАА Ўзбекистон заргарлик саноатига инвестиция киритиш имкониятини кўриб чиқяпти

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида «Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси раиси Даврон Саматов бошчилигидаги мамлакат делегацияси Дубайда бўлиб ўтган Global Gold Convention 2022 кўргазмасида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Тадбирда Ўзбекистон инвестиция ва экспорт салоҳияти ҳамда заргарлик саноати тараққиёти юзасидан тақдимот уюштирилди. Ўзбекистон вакиллари Осиё, Яқин Шарқ ва Африка давлатларида олтин саноати ривожланиши тенденциясига бағишланган муҳокамаларда иштирок этиб, хориж томонига  мамлакатда ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.

«Ўзбекзаргарсаноати» уюшмаси вакиллари IBMC International, TVT consulting ва Stuart and Hamlyn компаниялари билан икки томонлама музокаралар ўтказишди. Унда жаҳон олтин бозори ҳолати ва ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.  

Ўзбекистон делегацияси сафар давомида Дубайдаги Siroya jewellers компанияси фаолияти билан танишди. Компания раҳбари Р.Жаин билан ҳамкорлик масалалари, Ўзбекистонга инвестиция киритиш, заргарлик маҳсулотларини ишлаб чиқишда солиқлар ва божхона тизими имкониятлари муҳокама қилинди.

Бўлиб ўтган суҳбат интиҳосида Ўзбекистон бозорини ўрганиш ва инвестиция киритиш имкониятларини таҳлил қилиш учун 2023 йилда Siroya jewellers компанияси делегациясининг мамлакатга амалий сафарини уюштиришга келишиб олинди.

Мавзуга оид