Хитойда оқ қоғозлар инқилоби. Намойишчилар Си Жинпингнинг истеъфосини ҳам талаб қилмоқда
Хитой полицияси Covid-19 пандемияси туфайли жорий этилган локдаунлар давом эттирилишига қарши намойишга чиққанларни қўлга олишда давом этмоқда. Хабарларга кўра, якшанба куни кечқурун ҳам пойтахт Пекинда, мамлакатнинг йирик шаҳри Шанҳайда, шунингдек Нанкин, Чэнду, Уҳан ва бошқа жойларда намойишлар давом эттирилган. Акциялар иштирокчилари кўчаларга оппоқ қоғозлар кўтариб чиқишмоқда, уларда шиорлар ёзилмаган - шу тариқа улар цензура тақиқларини четлаб ўтишга ҳаракат қилишмоқда.
Хитойда ўтган ҳафта охирида ҳукуматнинг ковидга қарши кураш чораларига қарши норозилик намойишлари кучайди, намойишларда ҳукуматга қарши сиёсий шиорлар ҳам янграй бошлаган.
Шанҳай кўчаларига минглаб кишилар чиққан. BBC мухбирлари одамлар полиция машиналари йўлларини тўсиб, уларни силкитишаётганига гувоҳ бўлишган. Шунингдек Пекин ва Нанкин университетларида талабалар намойиш уюштирган.
Шанҳайдаги норозилик акцияси иштирокчиларидан бири BBC мухбири билан суҳбатда кўчада одамларни кўриб «ҳайратга тушгани ва тўлқинлангани»ни айтади, унинг сўзларига кўра, бу Хитойда шундай кўламдаги илк намойишлар.
Яна бир иштирокчи эса, улар полициячилардан бу намойишларга қандай қарашларини сўрашгани, улар эса бунга жавобан «худди сиз каби» дейишганини айтади. Аммо, унинг айтишича, улар форма кийишган ва шу туфайли ўз ишларини бажаришмоқда.
Бошқалар эса зўравонлик ҳолатлари ҳақида айтишган: намойишчилардан бири Associated Press мухбирига унинг дўстини полициячилар калтаклагани, яна иккисига қалампирли суюқлик сепишганини айтган.
BBC’нинг Хитойдаги мухбирлари хабар қилишича, айрим намойишчилар нафақат ковид чекловларини олиб ташлашни, балки ХХР раиси Си Жинпингнинг истеъфосини сўраш орқали ушбу мамлакатга хос бўлмаган тарзда сиёсий талабларни ҳам илгари сурмоқда. Бунга эса у олиб бораётган «нол бардошлик» сиёсати сабаб бўлиб, у коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун аҳолини ёппасига тестдан ўтказиш, узоқ муддатли карантинлар ва кутилмаган локдаунларни ўз ичига олади.
Хитойнинг йирик шаҳри ва мамлакат шарқидаги молиявий марказ ҳисобланган Шанҳайда одамлар очиқчасига «Си Жинпинг, кет!» ва «Коммунистик партия, йўқол!» шиорларини айта бошлашди.
Бундай шиорлар Хитой учун жуда ғайриоддий ҳисобланади, қоидага кўра, бу мамлакатда ҳукумат ёки давлат раҳбарига қарши қаратилган тўғридан тўғри танқид яхшилик билан тугамайди.
Аммо таҳлилчилар ҳисоблашича, ҳукумат, афтидан, Си Жинпинг номи билан боғланадиган ковидга қарши «нол бардошлик» сиёсатидан норозилик кучайиб бораётганини тўғри баҳолай олмаган, мамлакат раҳбари яқинда бу сиёсат бундан буён ҳам давом эттирилишини маълум қилганди.
Намойишчиларнинг ҳисоблашича, чекловлар ғарбдаги Урумчи шаҳрида 10 киши ўлимига сабаб бўлган ёнғин вақтида одамларни қутқаришга халақит қилган. Хитой расмийлари эса, қурбонлар сони кўп бўлиши локдаун билан алоқадорлигини инкор этмоқда.
Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган видеода Нанкиндаги университетлардан бирида аёл киши қўлида оқ қоғоз тутиб тургани, кейин уни олиб кетишганини кўриш мумкин. Шу куни олинган бошқа бир роликда ўнлаб талабалар оқ қоғозлар кўтарганча жим тургани кўринади. «Қоғозда, албатта, ҳеч нарса йўқ, аммо биз бу нимани англатишини биламиз», дейди BBC мухбирига шанба куни кечқурун ўтказилган намойиш иштирокчиларидан бири.
Айримлар аллақачон бўлаётган воқеаларни «оқ қоғозлар инқилоби», ёки «A4 инқилоби» деб аташмоқда.
Шанҳайда бир неча намойишчи ҳибсга олингани маълум. 28 ноябр куни BBC’нинг Шанҳайдаги намойишларни ёритиш билан шуғулланган мухбири Эд Лоуренс қўлга олинган. Хабар қилинишича, қўлга олиш чоғида уни калтаклашган, кейин кишан тақиб, бир неча соат мобайнида тутиб туришган.
BBC ўз ходимига қилинган ҳужумдан хавотирда эканини маълум қилган. Корпорацияга кўра, Хитой расмийлари журналист қўлга олингани учун ишончли тушунтириш бермаган ва узр сўрамаган.
Шанҳайдаги намойишлар жойида баланд тўсиқлар ўрнатилган. Аммо расмий Пекин ҳозиргача намойишлар ҳақидаги хабарларга муносабат билдирмади.
Намойишлар бошланиши ва ковидга қарши «нол бардошлик» сиёсати
Дам олиш кунларида Хитой ижтимоий тармоқларида Шинжон-Уйғур мухториятининг Урумчи шаҳрида қатъий ковид чекловларига қарши оммавий норозилик намойишлари бошлангани акс этган видео тарқалди. Хабарларга кўра, намойишларга 24 ноябр куни кўп қаватли уйда ёнғин оқибатида 10 киши ҳалок бўлгани сабаб бўлган.
Урумчи август ойида ковид чекловлари объектига айланганди. Кўп қаватли уйдаги ёнғин вақтида шаҳар 100 кундан ортиқ вақт давомида қатъий локдаунда ҳаёт кечираётганди.
25 ноябр куни Урумчи аҳолиси маъмурий бино олдида тўпланди ва ковид чекловларини бекор қилишни талаб қила бошлади. Намойишчиларнинг ҳаракатлари акс этган видеоёзувлар интернетда тарқалди.
Кадрларда аксари тиббий ниқобда бўлган маҳаллий аҳоли вакиллари қоронғи тушганида шаҳар кўчаларида йиғила бошлагани акс этган. Шундан кейин ҳукумат вакиллари билан қарама-қаршилик бошланган, одамлар «Ковид локдаунлари тугасин!» дея ҳайқиришган. Бошқа роликда одамлар ортида шаҳар хизматлари ходимлари турган тўсиқларни бузиб ўта бошлагани акс этган.
Кўп ўтмай уларнинг аксари ўчириб юборилди, аммо 26 ноябр куни ҳокимият вакиллари ён бера бошлади: шаҳарда коронавирус тарқалиши тўхтагани эълон қилинди ва жамоа транспорти фаолияти тикланди.
Расмий Пекин ковидга қарши «нол бардошлик» сиёсатини давом эттирмоқда. Аммо касалланиш ҳолатлари ўсишдан тўхтамаяпти, маҳаллий аҳоли тез-тез локдаунлар туфайли норозилик билдира бошлади.
Бошқа мамлакатлар вирус билан яшашга кўникиш учун вакцинацияга жиддий эътибор қаратаётганида, Хитой ҳар бир кейинги авж олишга нисбатан қатъий чекловлар жорий этиш билан реакция қилмоқда, айрим ҳолатларда биргина касалланиш ҳолати туфайли бутун шаҳарлар тўлиқ локдаунга жўнатилмоқда.
«Нол бардошлик» сиёсатига кўра, ҳукумат вакцинацияга эмас, кекса ёшли аҳолини эҳтиёт қилишга эътибор қаратади. Аммо бу сиёсат у қадар самарали бўлмаяпти - душанба куни Хитойда 40 мингдан ошиқ янги касалланиш ҳолатлари аниқланган. Шу тариқа, қаторасига бешинчи кун бутун пандемия давридаги энг юқори кўрсаткичлар қайд этилди.
Ҳозирда касалланиш ҳолатлари сони пандемиянинг жорий йил апрелида қайд этилган энг юқори чўққисидагидан кўпроқ. Ўшанда Хитой ҳукумати Шанҳай шаҳрини тўлиқ карантинга ёпиб қўйган ва икки ой давомида 26 миллион киши яшайдиган шаҳар амалда тўлиқ иҳоталанганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси ўз уйларида, офислар ёки махсус карантин марказларида қамалиб қолганди. Улар бу жойларда ҳафталаб қолиб кетган, очликдан азоб чекишган (етказиб бериш хизматларига жиддий юклама тушиши туфайли кўпчилик узоқ вақтгача озиқ-овқат маҳсулотларига буюртма бера олмаганди) ва иложсизликдан ўз уйлари деразасидан бақиришганди.
Ҳозирда 31 провинция расмийлари касалланиш ҳолатлари ҳақида эълон қилган, уларнинг ҳудудларида бир қанча улкан мегаполислар жойлашган. Улар орасида пойтахт Пекин (22 миллиондан ортиқ аҳоли), мамлакат жанубидаги йирик савдо шаҳри Гуанчжоу (18,5 млн) ва яна бир қанча йирик шаҳарлар бор.
Пекин «нол бардошлик» сиёсати муваффақиятли эканини айтади: хитойлик расмийларга кўра, пандемия бошидан буён мамлакатда ковиддан 5200 дан ортиқроқ киши вафот этган. Аммо Хитойнинг ўлим ҳолатлари сони бўйича статистикаси пасайтириб кўрсатилиши, хитойликларнинг вакциналари эса — у қадар самарали эмаслиги, мамлакатда жорий этиладиган ёппасига локдаунлар эса иқтисодиёт ўсишини секинлаштириб, кўпроқ одам вафотига олиб келишини айтишади. Сентябр ойида Чэнду шаҳрида аҳолига зилзила вақтида ҳам уйдан чиқиш тақиқланган, ноябрда эса Чжэнчжоу шаҳрида тўрт ойлик қизалоқ вафот этган, у ковидга чалингани гумон қилингани туфайли шифокорлар унга қараш учун боришдан бош тортишганди.
Мавзуга оид
08:20 / 24.10.2024
Шавкат Мирзиёев Си Жинпинг ва Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан суҳбатлар ўтказди
22:54 / 19.10.2024
Си Жинпинг Хитой армиясини урушга тайёргарликни кучайтиришга чақирди — ОАВ
23:21 / 25.09.2024
Хитойда Си Жинпингни танқид қилган машҳур иқтисодчи йўқолиб қолди — ОАВ
10:15 / 30.08.2024