Ўзбекистон | 23:42 / 30.11.2022
9647
1 дақиқада ўқилади

Россиядан Ўзбекистонга туристлар оқими ошиб бораётгани маълум бўлди 

Россияликлар анъанавий тарзда Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳрини афзал кўрмоқда. 

Фото: Depositphotos

Россия Туроператорлари Ассоциацияси (АТОР) ижрочи директори Мая Ломидзе сўзларига кўра, Россия фуқаролари МДҲ давлатлари ичида Ўзбекистонга боришни кўпроқ афзал кўрмоқда. Йил давомида бундай йўлланмаларга талаб миқдори 20 фоизга ўсган. 

Унинг таъкидлашича, россияликлар орасида МДҲ мамлакатларига қизиқиш ортган, бироқ Ўзбекистон динамика бўйича етакчилик қиляпти. 

«Агар 2021 ва 2022 йил таққосланадиган бўлса, бу камида 20 фоизни ташкил этади», деди Ломидзе. 

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бўйича янги йил йўлланмалари ҳеч қачон бунчалик яхши сотилмаган. Россияликлар асосан Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳрига саёҳатни афзал кўрмоқда. 

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январ-сентябр ойларида Россиядан келган сайёҳлар сони 2021 йил якунларига нисбатан икки баравар кўпайиб, 395,1 минг кишига етди. Баҳордан бошлаб россиялик туристлар оқими барқарор ўсиб бормоқда. 

 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид