Иқтисодиёт | 17:44 / 01.12.2022
26327
3 дақиқада ўқилади

Марказий банк иқтисодиётдаги долларлашув даражасини қандай камайтирмоқчи?

Фото: KUN.UZ

Долларлашув даражасининг юқорилиги Марказий банкнинг нархларни барқарорлаштириш учун олиб бораётган пул-кредит сиёсатининг самарадорлигини пасайтиради. Шу жиҳатдан, аҳолининг валюта курси ўзгаришига нисбатан сезувчанлиги юқори экани инобатга олиниб, банклар томонидан жисмоний шахсларга хорижий валютада кредитлар ажратиш қонунан тақиқланган. Шунингдек, мажбурий захиралаш инструментидан ҳам долларлашув даражасини қисқартиришда фаол фойдаланилмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки эълон қилган “Пул-кредит сиёсатининг 2023 йил ва 2024−2025 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари” шарҳида мамлакатдаги долларлашув даражасини камайтириш бўйича амалга оширилиши кутилаётган чоралар ҳақида ҳам маълумот берилган.

Қайд этилишича, долларлашув даражасининг юқорилиги нархларни барқарорлаштириш учун олиб борилаётган пул-кредит сиёсатининг самарадорлигини пасайтиради.

Марказий банк маълумотларига кўра, банклар томонидан жисмоний шахсларга хорижий валютада кредитлар ажратиш қонунан тақиқланган. Бундан ташқари, аҳолининг валюта курси ўзгаришига нисбатан сезувчанлиги юқори эканлиги сабабли ҳам уларга хорижий валютада кредитлар тақдим этилмайди.

Шунингдек, мажбурий захиралаш инструментидан ҳам долларлашув даражасини қисқартиришда фаол фойдаланилмоқда. Бунда, банклар томонидан хорижий валютадаги депозитлари бўйича шакллантириладиган мажбурий захираларга 18 фоизлик меъёр ўрнатилган. Шу билан бирга, мажбурий захиралаш базасига хорижий кредит линиялари ва банкларнинг бошқа кредиторлик қарзлари киритилмаганлиги сабабли ушбу инструментнинг кредитлар ва банк мажбуриятлари долларлашувини қисқартиришга таъсири нисбатан паст бўлиб қолмоқда.

“Инфляцион таргетлаш режими чора-тадбирлари таъсирида ўрта муддатли истиқболда инфляция даражаси пасайиши билан Марказий банкнинг асосий ставкаси ҳам мос равишда пасайтириб борилади. Натижада, иқтисодиётда кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг пасайиши ва унинг таъсирида кредитлар долларлашувининг қисқариши кутилмоқда.

Бундан ташқари, банкларга валютавий хатарларни бошқариш орқали хорижий валютада жалб қилинган ресурслар ҳисобидан миллий валютада кредитлар ажратиш имконини берувчи банклараро валюта фьючерслари бозори ташкил этилмоқда.

Банк тизимида долларлашув даражасини пасайтиришда пул-кредит ва макропруденциал сиёсат инструментларидан мувофиқликда фойдаланиш амалиёти ўрта муддатли истиқболда долларлашув даражасининг босқичма-босқич қисқариб боришига ва унинг натижасида пул-кредит сиёсати таъсирчанлигининг ошишига шароит яратади”, - дейилади МБ шарҳида. 

Аввалроқ, Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуродов  мажбурий резервларнинг 18 фоизга кўтарилиши ва миллий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкасининг хорижий валютадагига қараганда жозибадорлиги табиий равишда Ўзбекистонда долларлашув даражасини камайтириб боришини таъкидлаб ўтганди.

Мавзуга оид