Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Сотиб юборилар экан, нега таъмирлашга мақсадсиз пул сарфланди?” – жамоатчилик онкологик шифохоналар сотувга қўйилгани ҳақида
Тошкентда 3 та йирик онкология шифохонаси сотиб юборилаётгани жамоатчиликни жунбишга келтирмоқда ва бу бежиз эмас. Ушбу мақолада ўзбекистонликлар нима учун бу янгиликни салбий қаршилаётганининг сабабларини тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 20 миллиондан зиёдроқ одамда онкологик касаллик қайд этилади, шундан 10 миллиондан кўпроғи ҳаёт билан видолашади.
Ўзбекистонда ҳам саратонга чалинаётганлар кўрсаткичи йилдан йилга ошиб бораётир. Расмий маълумотларда келтирилишича, мамлакатимизда йилига 22 мингдан ортиқ беморда онкологик касаллик аниқланмоқда. Шундан мингга яқини болалар экани айниқса ачинарли.
Аксарият юртдошларимиз йилда икки марта тиббий кўрикдан ўтиш у ёқда турсин, йиллаб шифокор қабулига бормаслиги, шу боис кўпинча саратон ривожланиб бўлгач, яъни касаллик кўп ҳолларда III ёки IV босқичга етганидан сўнг аниқланишини инобатга олсак, аслида касалланганлар кўрсаткичи расмий маълумотлардагидан анча юқори экани аён бўлади.
Сир эмаски, Ўзбекистонда ҳам онкологик беморлар даволанадиган шифохоналарда жой танқислиги юзага келиши аллақачон кузатила бошланган. Бундай вазиятда эса учта шифохонани битта тиббиёт муассасасига бирлаштиргандан кўра, эскиларини сақлаб қолган ҳолда ўринлар сонини кўпайтириш керак эмасми?
Бироқ афсуски, ақли жиғилдонининг фойдасига ишлайдиган айрим амалдорлар оғир касаллик билан курашаётган беморларнинг ҳаққини туя қилишдан, ўз манфаатлари йўлида уларнинг сўнгги умид масканини тортиб олишдан тап тортишмаяпти.
Буни Тошкентнинг марказий ва харидоргир нуқталарида жойлашган учта шифохонани аукцион савдосига чиқариш ҳақидаги ҳукумат қарори очиқ манбаларда йўқ экани ҳам тасдиқлайди. Бу жараёнлар мамлакатда йилига 1 минг 300 киши онкологик хасталикка чалинаётган бир вақтда содир бўлмоқда.
Савол туғилади: барчаси қонун доирасида амалга оширилаётган бўлса, нима учун ҳукумат буни ёпиқ қарор билан дастакламоқда? Жамоатчилик воқиф бўлмаслиги керак бўлган қандайдир сир ёки ўйинлар бормики, бу ишлар хуфиёна бажарилган?
Жамоатчиликни қийнаётган савол шугина эмас. Уларнинг айримларини санаб ўтмоқчимиз.
– 2019 йилнинг июл ойида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг янги, замонавий Консультатив-диагностика поликлиникаси биноси фойдаланишга топширилган. Инвестиция дастури асосида 3 қаватли бино реконструкциядан чиқарилиб, олд қисмида 2 қаватли ҳолл қурилган.
Барибир сотиб юборилар экан, қурилиш ишлари нима учун амалга оширилган? Ёки давлатнинг, тўғрироғи, сиз-у биз солиқ тўловчиларинг пулини бебилиска сарфлашга одатланган масъуллар қўйнимдан тўкилса қўнжимга қабилида иш тутишганми?
– Нега 2017 йилда қабул қилинган 2866-сонли президент қарорида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти филиалларида янги корпуслар қуриш, айримларини реконструкция қилиш белгиланган бўлса ҳам, шу пайтгача бу ишлар амалга оширилмаган? Президент ҳужжатлари ижроси учун масъул идоралар нега бу ҳолатга кўз юмган?
– 2021 йилда қабул қилинган 5130-сонли президент қарорида Тошкент тиббиёт академиясининг бўш турган ҳудудида фақат Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учунгина янги бино ва иншоотлар комплексини қуриш белгиланган бўлса-да, нима учун кейин бу рўйхатга марказнинг пойтахт ва Тошкент вилояти филиаллари қўшилиб қолди?
Бу ишлар енг ичида амалга ошишига кимлар бош қўшган ва унинг ортида кимлар турибди?
– Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида 370, унинг Тошкент шаҳар филиалида 226, Тошкент вилояти филиалида 240 та ўрин бор – учаласини қўшганда 836 та ўрин бор. Оғиз кўпиртириб мақталаётган янги мажмуада эса койка сони учта шифохонада мавжуд ўринлардан 86 тага кам. Бундай қисқариш амалда касалликлар сони ошаётган бир даврда қанчалик тўғри?
Бу муҳим саволларга энг камида Ҳукумат даражасида ваколатли органлар жавоб бериши керак ва улар ҳозирча жим. Энг асосий саволларнинг эгаси – Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳам ўз анъанасига кўра, жим.
Бугунги кунда 370 ўринли Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида 352 нафар, марказнинг 255 ўринли Тошкент шаҳар филиалида 250 нафар, 240 ўринли Тошкент вилояти филиалида эса 232 нафар бемор даволанмоқда. Беморлар ва уларнинг яқинлари шифохоналар кўчирилишига қарши эканини айтишмоқда.
– Март ойидан бери даволанаман. Шароитлари яхши, керак бўладиган ҳамма нарсаси бор. Ўзимизни уйимиздагидек ҳис қиламиз. Вилоят онгологик диспансери кўчишига қаршиман. Бино ўз жойида қолаверсин. Олмалиқ, Бекобод ва Тошкент вилоятининг бошқа томонларидан келадиганларнинг ҳаммаси учун бу ер қулай. Шаҳар четига кўчса, ўзимнинг йўлкирам юз минг сўмга тушади. Бир кунда икки марта ҳам яқинларим кўришга келади. Улар ҳам қийналишади”, дейди беморлардан бири.
– Ҳозирги жой қулайлигини вилоятдан келганларнинг ҳаммаси билишади. Ҳудуд ободонлаштирилган, бинолари ҳам янги таъмирдан чиқарилган. Янги жой узоқ, чекка жойлиги учун транспорт муаммоси бўлади. Мен вилоят онкология диспансери кўчишига қаршиман”, дейди бошқа бир беморнинг қариндоши.
Шифокор Шермуҳаммад Умировнинг таъкидлашича, айни пайтда Ўзбекистонда онкологик касалга чалинган 100 000 дан ортиқ бемор бор, уларнинг 30 фоиздан кўпроғи оғир аҳволда. “Шундай қийин вазиятда онкологик шифохоналарни камайтириш ёки ўринлар сонини қисқартириш – фожиа”, дейди мутахассис.
– 100 минг беморнинг 10 мингга яқини – 18 ёшга тўлмаган болалар. Дунё бўйича 1 сонияда 1 одам онкологик касалдан вафот этади. Ўзбекистонда эса тахминан ҳар 10 дақиқада битта онкологик касалга чалинган одам нобуд бўлади. Шундай қийин вазиятда онкологик шифохоналарни камайтириш ёки ўринлар сонини қисқартириш – фожиа.
Янги касалхона қурилиши яхши иш, лекин Республика онкология марказини Тошкент шаҳри ва вилояти билан қўшиб юбориш нотўғри. Болалар онкологияси бўлими ҳам алоҳида бўлиши керак. Бугунги кунда Тошкент вилоят онкологиясида болалар бўлими йўқ. Бу борада ҳақиқатан ҳам кулгили аҳволдамиз. 4 млн аҳолисининг 36 фоизи 18 ёшгача бўлган болалардан иборат бўлган вилоятда шу болаларнинг даволаниши учун болалар онкология бўлими йўқлиги ачинарли.
Онкология шифохоналарини марказлаштириш билан иш битмайди. Бугун, ҳозир шу шифохоналарнинг қабул бўлимига боринг, одамни кўрасиз. Қанчадан қанча навбат. Нур терапия олишга ойлаб кутиб туришибди. Ётиб даволанишга ойлаб кутиш керак. Чунки бўлимда ётиб даволанишга ўринлар кам. Яна бир сабаби – шу масалада ўринлар сонини кўпайтиришни ҳеч бир мутасадди бўйнига олмаяпти, дейди онколог.
Kun.uz объектларда бўлиб, уларнинг ҳолатини яқиндан ўрганди. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Шифокорлар кўчасида барпо этилаётган янги мажмуа 8 қаватли бўлиб, бу ерда 17 та янги клиник бўлим фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу комплексни замонавий технологиялар билан жиҳозлашга 80 миллион доллар маблағ ажратилмоқда. Марказда 16 та реанимацион ва операцион хоналар энг сўнгги технологиялар билан таъминланади. Комплексда 9 та бункердан иборат радиотерапия арсенали ишга туширилади.
Қурилаётган янги комплексда 650 та стационар ва 100 та кундузги стационар ўрин бўлади. Объект 2023 йилнинг 1 апрелига қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази 2019 йилда, марказнинг Тошкент шаҳар филиали 2012 йилда, Тошкент вилояти филиали эса 2008-2009 йилларда Инвестиция давлат дастури орқали тўлиқ реконструкция қилинган. Ушбу шифохоналарнинг ҳеч бири авария ҳолатида эмас. Бундай вазиятда янги марказ очилаётганини баҳона қилиб, бу бино-иншоотларни сотиб ёки бузиб юбориш бор нарсани йўқ қилиш, маблағларни ҳавога совуриш демакдир.
Жамоатчилик фикрича, бўлаётган ишлар онкологик беморларга замонавий тиббиёт маркази қуриб бериш ниқоби остида шаҳарнинг марказий нуқталаридаги, метрога яқин ҳудудларини қўлга киритишдан бошқаси эмас. Ижтимоий тармоқ фаоллари аукцион савдосидан сўнг учала шифохона ўрнида кўп қаватли уйлар қурилиши бошланса ажабланмаслигини таъкидлашмоқда.
Сотувга қўйилган учта шифохонанинг умумий майдони 17 гектар. Учала объект бўйича ҳам аукцион бир кунда – 12 декабрда ўтказилади. Халқ билан бемаслаҳат қабул қилинаётган қарорлар муҳокамалар ортидан қайта кўриб чиқиладими, бунисини энди вақт кўрсатади.
Жамшид Ниёзов, журналист
Мавзуга оид
16:55 / 09.06.2026
Бизнес-омбудсман Тошкентдаги рекламаларни бузишда қонуний йўл тутишга чақирди
10:25 / 09.06.2026
Тошкентда энг кўп аҳоли савдо соҳасида банд
11:40 / 08.06.2026
Тошкент ва Хоразмда йирик гиёҳвандлик савдосига чек қўйилди
09:10 / 07.06.2026