Россия қўшини Запорижжя АЭСни тарк этиши мумкин
Москва Украина ҳудуди бўйлаб нефт ва газнинг узлуксиз транзити кафолатланиши эвазига шундай қадам ташлаши мумкинлиги айтилмоқда.
1 декабр куни кечқурун Украина қуролли кучлари Бош штаби Россия қўшинлари Запорижжя областининг аннексия қилинган қисмидан алоҳида қисмларни олиб чиқиб кетаётгани, шунингдек, Россия томонидан тайинланган маъмурият ходимларни эвакуация қилишга ҳозирлик кўраётгани ҳақида хабар берди.
Meduza нашрининг Кремлга яқин манбаси, шунингдек, Россия ҳукуматига яқин суҳбатдоши Россия Запорижжя областини бутунлай тарк этишни «режалаштирмаётгани»ни айтди. Бироқ, бу манбаларга кўра, Москва ўз қўшинларини Запорижжя атом электр станциясидан олиб чиқишга тайёр. Кремл режасига кўра, АЭС ёки Киевга ёки Халқаро атом энергетикаси агентлиги (МАГАТЭ)га берилиши мумкин.
Илгари Россия ҳукумати Запорижжя атом электр станциясидан қўшинларни олиб чиқиш имкониятини очиқчасига рад этган эди. Бундан ташқари, 2022 йил 5 октябрда Владимир Путин станцияни Россия мулкига ўтказиш ва «Запорожская АЭС» федерал унитар корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Шу билан бирга, Халқаро атом энергетикаси агентлиги атом электр станцияси атрофида хавфсизлик зонасини яратиш тарафдори ва бу борада икки давлат билан музокаралар олиб бормоқда. 2 декабр куни ташкилот раҳбари Рафаэл Гросси станция хавфсизлигини таъминлайдиган ечим «йил охиригача топилиши мумкинлиги»ни айтди.
Украина расмийлари, ўз навбатида, атом электр станциясини ўз назорати остига қайтариш ниятида эканини таъкидламоқда. 28 ноябр куни «Укрэнерго» раҳбари Володимир Кудрицкий Россия қўшинларининг октябр ойи бошидан бери Украинадаги энергетика объектларига берган йирик ракета зарбалари оқибатида барча йирик иссиқлик ва гидро электр станцияларига зарар етганини айтди. Бир неча кун олдин, Кудрицкий агар Запорижжя АЭС Украина назоратига қайтса ва «тўлиқ ишласа» мамлакатда энергия танқислиги билан боғлиқ муаммолар «жуда катта эҳтимол» билан ҳал бўлишини таъкидлаганди. Уруш бошланишидан олдин атом электр станциялари Украинадаги барча электр энергиясининг қарийб 25 фоизини ишлаб чиқарган.
Meduza нашрининг Кремл ва Россия ҳукуматига яқин манбаларига кўра, қўшинларни АЭС ҳудудидан олиб чиқиш эвазига Россия ҳукумати гўёки Украина орқали нефт ва газнинг узлуксиз транзити бўйича кафолатлар олишини кутмоқда. Кремл ва ҳукумат «келишувга тайёр». «Нефт ва газни қазиб олиш ва сотиш Россия бюджети учун жуда муҳим».
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Meduza билан ёзишмаларида Запорижжя АЭС бўйича бундай «келишув» эҳтимолини рад этди.
Украина орқали «Дружба» қувурининг жанубий тармоғи ўтади. Россия ушбу қувурдан Венгрия, Словакия, Чехия ва Полшага нефт етказиб беради. Умуман олганда, Россия томонидан Европага етказиб бериладиган нефтнинг учдан бир қисми шу қувурдан оқади.
«Дружба» қувурининг Украинадаги қисми «Укртранснафта»га тегишли бўлиб, у Россиядан нефт транзити учун ҳақ олади ва уни тўхтатиш учун техник имкониятларга ҳам эга.
Ракета зарбалари туфайли ноябр ойи ўрталаридан бери қувур орқали нефт етказиб берилиши барқарор эмас.
Шу билан бирга, 5 декабрдан бошлаб «Дружба» қувури Россия нефтининг Европага етказилишининг асосий усулига айланади. Чунки Россия нефтига нисбатан Европа эмбаргоси кучга киради (бу нефтни фақат сув орқали ташиш учун амал қилади).
Шу билан бирга, уруш Россия газининг Европага, жумладан, Украина орқали етказиб берилишини ҳам тўхтата олмади. Май ойида «Нафтогаз» босиб олинган Луҳанск области орқали Украина газ узатиш тизимига (ГТС) етказиб берилаётган Россия газини Европага ўтказишдан бош тортди ва газни бошқа линияга йўналтиришни таклиф қилди. Аммо «Газпром» таклифни рад этди ва газ етказиб бериш ҳажмини 33 фоизга қисқартиришга қарор қилди.
Сентябр ойида «Нафтогаз» халқаро арбитражга мурожаат қилиб, «Газпром» транзит учун тўлиқ ва ўз вақтида тўловни амалга оширмаётганини таъкидлади. «Газпром» эса кўрсатилмаган хизматлар учун пул тўламоқчи эмаслигини билдирди ва «Нафтогаз» Россия санкциялари остида қолиши мумкинлиги, кейин «Газпром» барча мажбуриятлардан воз кечиши мумкинлиги билан таҳдид қилди.
Украина ўз даъволаридан воз кечмади, шунда «Газпром» Украина орқали газ етказишни янада қисқартиришга тайёрлиги, чунки Киев гўёки Молдова учун мўлжалланган Россия газининг бир қисмини ўзлаштириб олаётганини маълум қилди. Украина томони буни рад этди. Бироқ, охир-оқибат, «Газпром» газ етказиб бериш ҳажмини камайтирмади, чунки Россия компаниясининг баёнотига кўра, Молдова Украинада «қолган» газ учун пул тўлаган.
Шу билан бирга, 2022 йилнинг ёзидан бошлаб Москванинг ўзи ҳам Европа Иттифоқига газ экспортини фаол равишда камайтирди. Умуман олганда, Россиянинг Европа газ импортидаги улуши 40 фоиздан 9 фоизга тушди.
27 ноябр куни Украина «Энергоатом» раҳбари Петро Котин россиялик ҳарбийлар Запорижжя атом электр станцияси ҳудудини тарк этишга ҳозирлик кўраётгани аломатларини кўрганини айтди: «Биласизми, улар ўз нарсаларини йиғиштираётганга ўхшаяпти, чунки улар қўлга илинган нарсани ўғирламоқда».
Шунга қарамай, сўнгги кунларгача станцияда содир бўлаётган воқеалар россиялик ҳарбийлар ва фуқаролик мутахассисларининг яқин келажакда станцияни тарк этишига ишора қилмаётганди. Масалан, 30 ноябр куни босқинчи ҳокимият АЭС директорини ўзгартирди, чунки аввалгиси (урушдан олдин ҳам бу лавозимда ишлаган) Киев билан ҳамкорликда айбланган эди.
Шу билан бирга, россиялик муҳандислар Қримга электр узатиш линияларини қурмоқдалар (станцияни Украина электр тармоғидан узиш учун), шунингдек, ўққа тутилиши натижасида ишдан чиққан яқин атрофдаги иссиқлик электр станциясидан АЭС электр таъминотини тиклашга ҳаракат қилмоқдалар.
Мавзуга оид
22:05 / 19.11.2024
Энди бизда ATACMS бор, ундан фойдаланамиз — Зеленский
20:58 / 19.11.2024
Байденнинг рухсати урушнинг боришига қандай таъсир қилади?
18:44 / 19.11.2024
Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
16:15 / 19.11.2024