Жамият | 18:25 / 03.12.2022
19106
7 дақиқада ўқилади

“Қайси ота-она бунга рози бўларди?” – Совуқда юпун кийинган қизчалар тадбирга жалб қилингани бўйича ҳокимлик жавоби жамоатчиликни қониқтирмади

Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлигининг мактаб ўқувчилари кечқурун совуқда юпун кийимда расмий тадбирда қатнашгани бўйича берган жавоби ҳам танқидларга сабаб бўляпти.

Фото: Шаҳрисабз шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати

Шаҳрисабз шаҳридаги 1-мактаб ҳовлисида шаҳар ҳокими ва мутасаддилар қалин кийимда, қизчалар эса юпун кийимда бўлгани ҳолда тадбир ўтказилгани жамоатчилик томонидан кескин танқидларга сабаб бўлганди.

Уларга жавобан ҳокимлик берган изоҳ ҳам танқидларга нишон бўлди. Ҳокимликнинг расмий муносатига  кўра, тадбирда иштирок этишни рақс тўгараги раҳбари ва ота-оналар хоҳлаган. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари шаҳар ҳокимлигининг бу муносабатида мантиқ йўқлиги ҳақида  ёзишмоқда.

“Мен бу ерда мантиқ кўрмаяпман. Қайси ота-она ўз фарзанди, жигаргўшасини қаҳратон қиш кунида юпун кийинтириб қўйиб, кутиб олинглар, дейиши мумкин. Гадой ҳам боласини кўчага тилангани қалин кийинтириб чиқаради-ку”, – деб ёзади Facebook фойдаланувчиси Ҳасанбой Абдуқодиров.

Айрим фойдаланувчилар “таклиф ҳокимиятнинг ўзига ёққани учун уни қабул қилган” деб ёзган бўлса, яна бошқа бири “ота-оналар бефарқ бўлса, нега ҳокимият вакиллари бунга эътибор қаратмаган”, деб ёзади.

“Ким таклиф билан чиқишидан қатъи назар, нега дарров тўхтатиб, устиларига иссиқ кийим кийдиришмаган?! Шунчаки ақл бовар қилмас ишлар”, – деб ёзган Алишер Раҳмонов исмли профил эгаси.

“Ҳа, ҳокимлик ҳар доимгидек сувдан қуруқ чиқиб кетади, айб ҳокимликдамас, яна ўша ўқитувчиларда, буйруқни бажарувчиларда”, – деган Дилшод Нортожиев.

Мухлиса Маннопова исмли фойдаланувчи эса ҳокимлик жавобига сарказм билан изоҳ ёзган.

Жуда кўнгли бўш ҳокимларимиз бор-да. “Халқ манфаатини” ўйлайдиган, халққа йўқ дея олмайдиган”, – деб ёзган у.

Facebook’да Матл Хидира номи билан изоҳ ёзган фойдаланувчи эса у билан ҳам олдин Шаҳрисабздаги ҳолатга ўхшаш ҳолат рўй бергани ва унда ҳокимлик айбдор бўлганини айтади.

“Бундай воқеа Турдимов ҳоким бўлган даврда Наврўз байрамида адирда, Сурхондарё вилояти хокимлиги байрамида бўлганди. Қизим кичкина иштирокчи эди. Совуқ вақтда капада кечаси билан қизчаларни олиб ўтиришган. Кечаси телефон қилиб, ташкилотчилардан жуда ранжиганман. Кейинчалик республика миқёсидаги конкурсга чиққан бўлишига қарамай, ҳеч қаерга жўнатмадим. Бундай ҳолга йўл қўйганларни жазолаш шарт. Буни тўгарак раҳбари ҳал қилолмайди. Бунга тўлиқ ҳокимлик айбдор”, – деган у.

Уйда болам оёқяланг юрса, дарров пайпоқ кийиб ол, совуқ, деб уришиб бераман! Қайси ота-она фарзанди ҳокимбойнинг олдига юпун кийиниб чиқишига рози бўлади?!” – дея эътироз билдирган Элёрбек Абдужалилов исмли фуқаро.

Умуман ёш қизчаларнинг совуқ кунларда юпун кийинтириб, тадбирда қатнаштирилиши жамоатчилик ғазабига сабаб бўлиши илк марта бўлаётгани йўқ. Шу сабаб блогер Шаҳноза Соатова бундай ҳолатга тезроқ барҳам бериш кераклигини ёзади.

“Қиш келди — яна совуқда дийдираган атлас кўйлакли қизчалар суратлари чиқяпти. Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул ташкилотларимиз нимадир дейишсин ва қилишсин. Бу анъана жиддий муаммо-ку! Бас қилинглар қизчалардан безак сифатида фойдаланишни. Улар — шахс, “гирлянда” эмас!” – деган у Telegram-каналида.

Жамоатчилик фаолларидан яна бири Ақида хоним ҳам тадбирда иштирок этган бошқаларнинг устида қалин кийимлар бор-у, нега нозиккина қизлар ҳилпираган атлас кўйлакда ўтирганини кескин танқид қилган.

“Эркакларимиз миллий кийими яхтак, қийиқча, дўппи кийиб ўзи қаршиласин ўша раҳбарчалар. Душанбага қор, кундузи -1C, кечга -7C кўрсатяпти, чиқсин шунақа қилиб байрамона кайфият бериш учун ва Андижон полькага ўйнаб қаршилашсин юқори “мартаба”ли меҳмонларни”, – деб ёзади у.

Журналист Муслим Мирзажонов бировни хурсанд қилиш учун қизчалар жалб қилиниши ўзгармайдиган одатга айланганини ёзади.

“Қандайдир байрам ёхуд меҳмонлар келса, уларни албатта хурсанд қилишимиз, нон тишлатишимиз, ёш болалар ижросида, миллий кийимларда ашула-шеърлар айттиришимиз керак. Ҳавонинг авзойи, даражасининг фарқи йўқ. Фаросатнинг ишламаслиги, бемаза одатлардан воз кечолмаслик даражасидаги консервативликдан нега болаларимиз азоб чекиши керак?” – деган журналист.

Nemolchi.uz лойиҳаси муллифлари эса бундай ҳолатлар ортидан қизларнинг саломатлиги хавф остида қолишига эътибор қаратган.

Хўш, ёшларимизни, айнан қизларимизни қандай келажак кутмоқда? Қўшимча шамоллашлар? Репродуктив тизимнинг яллиғланиш жараёнлари? Буйрак ёки сийдик қопи билан боғлиқ муаммоларми? Ёки бу туғилишни камайтириш бўйича яширин давлат дастури ижросими?” – дейилади лойиҳа Telegram-каналидаги постда.

Эслатиб ўтамиз, 30 ноябр куни Ёшлар ишлари агентлигининг Шаҳрисабз шаҳар бўлими ва сектор раҳбарлари “Ёшлар дафтар”ида турганларга навбатдаги субсидия асосида меҳнат қуролларини ва тўловлар учун сертификатлар топшириш учун 1-мактаб ҳовлисида тадбир ташкил этишган. Гарчи тадбир мактабга ва таълимга алоқаси бўлмаса ҳам унга юпун кийинган ёш ўқувчи қизлар жалб қилинган.

Тадбирдан сўнг шаҳар ҳокимлигининг Telegram-каналига қўйилган фотосуратларда шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов бошчилигидаги мутасаддилар тунда ўзлари иссиқ кийим кийиб олган ҳолда, уларнинг олдида турган камида 6 нафар қиз юпун кийингани акс этган. Кейинчалик суратлар каналдан ўчириб ташланган.

Суратлар муҳокамага сабаб бўлгач Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги қизларни тадбирга жалб қилиш таклифи тўгарак раҳбари ва ота-оналардан чиққан деб айбни ўз гарданидан соқит қилишга уринганди.

Омбудсманнинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова ёш қизларни совуқда тадбирга жалб қилган шахсларга чора кўришни сўраб Қашқадарё вилояти ҳокимига мурожаат қилган. Мурожаатда Болалар омбудсмани Шаҳрисабздаги ачинарли ҳолатнинг содир бўлишида ҳудуддаги ҳар бир мутасаддининг айби борлигини таъкидлаган ва Шаҳрисабзда юпун кийинган ўқувчи қизларни совуқда тадбирга жалб қилган шахсларга чора кўришни сўраган.

Зуҳра Абдуҳалимова
Муаллиф Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид