Жаҳон | 13:11 / 05.12.2022
11230
2 дақиқада ўқилади

Германия НАТОнинг мудофаа харажатлари бўйича талабини бажара олмайди

Германия қурол сотиб олиш учун 100 миллиард евро сарфлашни режалаштирмоқда. Шунга қарамай, у яқин йилларда мудофаа учун ялпи ички маҳсулотнинг камида 2 фоизини ажратиш бўйича НАТО талабини қондира олмайди.

Фото: Reuters

Германия, Бундесверни қайта қуроллантириш учун 100 миллиард евро миқдоридаги махсус бюджетга қарамай, НАТОнинг ялпи ички маҳсулотнинг камида икки фоизини мудофаага 2023 йилда ҳам, 2026 йилдан бошлаб ҳам ажратиш талабини бажара олмайди. Ушбу мақсадга эришиш «узоқ вақтга кечиктирилмоқда, зарурий жиҳозларни ҳатто қисқа муддатда ҳам харид қилиб бўлмайди», деб ёзади Rheinische Post газетаси 5 декабрь, душанба куни Германия иқтисодиёт институти (IW) ҳисоботи нусхасига таяниб. 

Институт мутахассислари ҳарбий техника сотиб олишдаги кечикишлар ва Бундесвернинг мунтазам бюджетини режалаштиришда етарлича молиялаштирилмагани муаммосини нархларнинг ошиши билан боғлашмоқда.

Германия канцлери Олаф Шольц Россиянинг Украинага қуролли бостириб киришига жавобан Германиянинг мудофаа харажатларини ЯИМ 2 фоизигача ошириш ниятини тасдиқлади. 

Шу билан бирга, Германия иқтисодиёт институти прогнозларига кўра, бу вазифани бажариш учун Германия, ҳатто 100 миллиард евро миқдорида махсус техника ажратишни ҳисобга олган ҳолда ҳам мунтазам мудофаа бюджетини йилига камида 5 фоизга ошириши керак.

Мавзуга оид