Травматология ва нейрохирургия бўлимларига мурожаатлар сони икки баробаргача кўпайган – Дониёр Алимов
Қиш фаслидаги совуқ об-ҳаво коммунал масалалар билан бирга аҳоли саломатлигини сақлашда ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Айниқса тойғаноқлар туфайли жароҳатлар кўпаяди. Шу билан бирга спиртли ичимликлар истеъмоли ҳам ошади. 2020 йилда 10318 нафар бемор ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанган бўлса, 2021 йил бу кўрсаткич 11154 нафарни, 2022 йилнинг 11 ойида эса 10488 нафарни ташкил этган.
Мавсумий касалликлар характери ва улардан қандай ҳимояланиш бўйича Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов билан суҳбатлашдик.
– Дониёр Анварович, маълумки қиш мавсумида шифокорлар, айниқса шошилинч тиббий ёрдам ходимларига иш кўпаяди. Суҳбатимиз бошида шу масалада умумий тушунтириш берсангиз.
– Қиш мавсуми давомида аввало травматологик касалликлар, яъни жароҳатлар сони сезиларли кўпаяди. Об-ҳавонинг кескин совиши, шу жумладан қор ёғиб ерларнинг музлаши натижасида йўл-транспорт ҳодисалари айниқса, енгил жароҳатлар сони йилнинг қолган мавсумларига нисбатан 40 фоизгача ортиши кузатилади, бундай беморлар травматологик ва нейрохирургик амбулатор ёрдамга муҳтож бўлади. Мисол тариқасида куннинг иссиқ кунларига нисбатан айни бугунги кунларда травматология ва нейрохирургия қабул бўлимига бир сутка давомида мурожаатлар сони деярли икки баробар, яъни 70-80 тадан 130-140 тага кўпайгани кузатилмоқда. Бундай кўрсаткичларнинг асосий сабаблари таҳлил қилинганда мурожаат қилган беморларнинг жароҳат сабаблари маиший ва кўчада сирпаниб йиқилиш ҳисобига шикастлар сони ошиши эканлиги маълум бўлади. Мурожаат қилган беморларнинг асосий қисми куннинг иккинчи ярмида, айнан кечки пайт келишади ва уларни асосан ёши улуғ фуқаролар ва мактаб ёшидаги болалар ташкил қилмоқда.
– Шундай пайтда аҳоли қандай эҳтиёт чораларини кўриши лозим?
– Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда аҳолимизга қуйидагиларни тавсия этамиз:
1. Мактаб ёшидаги болаларга ота-оналари ва ўқитувчилари қиш мавсумида қандай қилиб жароҳатларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боришлари шарт;
2. Ёши улуғ бўлган инсонлар ер музлаган пайтда ўта эҳтиёткорлик билан ёки кузатувчи ёрдамида ҳаракатланишлари лозим;
3. Йўл ҳаракатида авто-улов ёрдамида ҳаракатланувчи юртдошларимиз ва пиёдалар йўл-транспорт хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишлари, айниқса тезликни оширмасликлари зарур;
4. Жароҳат олгандан сўнг юртдошларимиз тез тиббий ёрдам бригадасини жароҳат олинган жойга чақиришлари ва бригада кузатуви остида энг яқин травмпункт, поликлиника ёки махсус тез ёрдам марказига мурожаат қилишлари лозим. Ўзбошимчалик билан ҳаракатланиш, жароҳат олган одамни ҳар хил ҳаракатлантириш мумкин эмас.
– Олдимизда байрамлар кутмоқда. Айниқса янги йил кунлари шифокорларга иш кўпаяди. Бу бўйича ҳам тавсиялар бериб ўтсангиз.
– Саноқли кунлардан кейин юртимизга янги йил кириб келади. Бу байрамни оила даврасида, соғ-саломат кутиб олиш ҳар бир кишининг орзуси. Қиш фаслининг ўзгача келиши, ён-атрофнинг қор билан бурканиши ўзгача ҳис-туйғуларни бахш этади.
Лекин романтика ўз йўли билан, бундай кайфиятни ўз саломатлигига эътиборсизлик қилиб бузиш ҳолатлари ҳам жуда кўп. Бу байрам кунлари токсикология бўлимида ҳам маълум гуруҳ беморлар сони кескин кўпаяди. Қиш келиши ва янги йил яқинлашиши билан фуқароларимизда спиртли ичимликлар ғамлаб олиш ва уларни кўп миқдорда истеъмол қилиш ҳолатлари афсуски кўп учрайди. Айниқса, бозор расталарида ва хонадонларда сотилаётган қўлбола ичимликлар, яъни қўшни давлатлардан олиб келинган техник спиртлардан тайёрланган спиртли ичимликларгаям дуч келиш мумкин. Аввало алкоголдан буткул воз кечиш тавсия қилинади. Бордию истеъмол қилинган тақдирда ҳам бундай ичимликларни фақат давлат томонидан лицензия асосида фаолият юритаётган махсус дўконлардан сотиб олишни тавсия этган булар эдик.
Яна шуни таъкидлаб айтмоқчимизки, янги йил арафасида кафе, ресторанларда корпоратив базмлар ва банкетлар ўтказиш одат тусига кириб бўлган. Бу кечаларда кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида кўчаларда ҳушдан кетган беморларнинг тез ёрдам орқали РШТЁИМга олиб келиниши йилдан йилга кўпайяпти. Охирги уч йилда РШТЁИМ ва унинг филиалларида 10 мингдан ортиқ бемор алкогол ва унинг суррогатларидан заҳарланиб даволанишди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, 2020 йилда 10318 нафар бемор ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанган бўлса, 2021 йил бу кўрсаткич 11154 нафарни, 2022 йилнинг 11 ойида эса 10488 нафарни ташкил этган.
Хуллас, фуқароларимиздан янги йил арафасида ва янги йил кечаси спиртли ичимликлар харид қилишда эътиборли бўлишини, ошқозон ичак тракти касалликлари, юрак ва руҳий хасталиклари бор кишиларга умуман спиртли ичимликлар истеъмол қилмасликни, соғлом кишилардан спиртли ичимликларни истеъмол қилишда меъёр тушунчасига амал қилишни тавсия этамиз. Яна шуни эслатиб ўтмоқчимизки, оч қоринга спиртли ичимликлар ичиш унинг организмга бўлган зиёнини янада оширади. Ичкилик ичгандан кейин бўкиб овқат истеъмол қилиш ҳам ёмон оқибатларга, яъни ошқозон ости бези яллиғланишига, ўт тош касаллиги қўзишига олиб келиши мумкин. Эртаси куни бош оғриши, қалтираш ва ўзини лоҳас ҳис этиши эса бу алкогол интоксикацияси аломатларидир. Бу нохушликларни бартараф этиш учун кўп миқдорда суюқлик (маъданли сувлар, кўк чой, шарбатлар) ичиш тавсия этилади. Агар кўп қусиш, онгнинг чалкашиши ва қоринда ёки юрак соҳасида узлуксиз оғриқ ҳис этилса, тез ёрдамга мурожаат этиш зарур.
– Яна бир жиддий муаммо – ис гази. Афсуски шунча тушунтиришларга қарамай деярли ҳар куни янгиликларда бу офат туфайли вафот этганлар ҳақида ўқиймиз.
– Бу биз шифокорларни ҳам чуқур қайғуга соладиган масала. Куз-қиш келиши, кунлар совиши билан ис газидан заҳарланган беморлар мурожаати сони ҳам ортиб кетади. Ҳар йили шошилинч ёрдам тизимига 500 нафардан ортиқ бемор ис газидан заҳарланиш ташхиси билан ётқизилади, шулардан 1-2 фоизида ўлим ҳолати юз беради.
Аҳоли огоҳлантирилишига қарамасдан ис газидан нафас олиш натижасида заҳарланиш ва ўлимга олиб бориш ҳолатлари содир бўлмоқда. Углерод оксидидан заҳарланиш жараёнини азалдан “нобуд бўлиб кетиш” деб аташган, шунинг учун ҳам бу газнинг маиший номи “Ис гази” деб юритилади.
Ис гази жуда айёр, у ҳеч қанақа ҳидга эга эмас. Ҳолсизланишни сезмагунингизча газ борлиги тўғрисида фикр юритиб бўлмайди, заҳарланиш кузатилиши учун эса унинг энг кам миқдори етарли ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб уни “сездирмасдан ўлдирувчи” деб номлашади. Ис гази барча муҳитларда ҳосил бўлиши мумкин, ҳаттоки газ плита духовкаларида ҳам. Ис гази ҳосил бўлишининг асосий сабаби – ёниш майдонида етарли кислород мавжуд эмаслиги. Хуллас, чала ёниш вақтида ёқилғининг тўлиқ ёниши натижасида умуман зарарсиз ҳисобланган карбонат ангидрид ҳосил бўлиши ўрнига юқорида эслаб ўтилган ис гази пайдо бўлади.
Дунё статистик маълумотларига кўра, ис газидан заҳарланиш туфайли ўлим кўрсаткичлари алкоголдан заҳарланиш сабабли ўлим билан солиштирилганда иккинчи ўринни эгаллайди, масалан АҚШда 1 йилда ўртача 400 нафарга яқин одам ис газидан эҳтиётсизлик сабабли нобуд бўлади. Республикамиздаги вазият ҳам яхши эмас, ҳар йили ўнлаб одамлар вафот этишади, юзлаб беморлар токсикология ёки реанимацион бўлимларга госпитализация қилинади.
Бундай газдан жабрланганларга биринчи ёрдам қуйидагича: Ёрдамни зудлик билан кўрсатиш зарур, сабаби орқага қайтмас ўзгаришлар жуда тез амалга ошиши мумкин. Биринчидан, жабрланувчини имкон қадар тезроқ тоза ҳавога олиб чиқиш керак. Иккинчидан, нафас олишни енгиллаштириш – нафас йўлларини тозалаш, яъни кийимларини ечиш, тилнинг орқага кетиб қолиши олдини олиш учун жабрланувчини ёнбош қилиб ётқизиш зарур. Учинчидан, нафасни стимуллаш керак бўлади. Кўкрак қафасини артиш, оёқ ва қўлларни иситиш ҳам амалга оширилади. Энг асосийси – албатта тез тиббий ёрдам чақириш. Оғир даража заҳарланиш ҳолатларида жабрланувчига реанимацион чора-тадбирлар ўтказилади – тиббиёт ходимлари келгунига қадар оғиздан оғизга нафас, юрак ёпиқ массажи қилиб туриш мумкин.
Заҳарланишларнинг олдини олиш жуда муҳим!
Хавфсизлик қоидаларига риоя қилинганда аянчли асоратларни бартараф этиш мумкин: иншоотларда ишлатилаётган иситиш печлари ва тошларининг дудбурон қопқоқлари, ёрилган жойлари, ўтказувчанлиги ва шамоллатиш тизими созлиги ўз вақтида текширилиши шарт. Энг асосийси, иситиш учун қўлбола, сертификациядан ўтмаган мосламалардан фойдаланмаслик, газ плиталари, носоз газ колонкаларини иншоотларни иситиш мақсадида ишлатмаслик зарур. Бино ичида бирон-бир газ ҳиди пайдо бўлганда дарҳол газ хизматига мурожаат қилиш керак.
Кўпинча ҳайдовчилар заҳарланиши мумкин – бу ёпиқ гаражларда автомобилларни тузатаётган вақтда, қиш мавсумида ҳайдовчиларни мотори ишлаб турган автомашина кабинасида узоқ қолиб кетиш ҳолатларида юз беради.
– Тажрибангизда яна қандай мавсумга хос касалликлар кўп кузатилган?
– Қиш кунларида, айниқса совуқда баъзилар овқат тайёрлашга эриниб консерваланган маҳсулотларни истеъмол қилишни маъқул кўришади. Бунда озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолатларидан эҳтиёт бўлиш керак. Заҳарланишнинг сабаби кўпинча эскирган гўшт ва гўшт маҳсулотлари, балиқ, уй консервалари ва маринадлар бўлади. Озиқ-овқат заҳарланишининг белгиларини санаб ўтамиз: қорин бўшлиғида спазмли оғриқ, кўнгил айниши ва қусиш (кўпинча такрорланади), умумий ҳолсизлик ва заифлик. Бундай ҳолатларда шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Озиқ-овқат заҳарланишининг олдини олишда эса энг примитив, аммо мажбурий қоидаларга амал қилиш етарли бўлади, яъни овқатланишдан олдин ёки овқат тайёрлаш пайтида шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинг, қайнатилмаган сувни ёки шунга ўхшаш ифлосланган манбаларни ичманг, овқатнинг ҳиди, тузилиши, ранги ва таъмига эътибор беринг, моғорлаган овқатдан халос бўлинг.
Бундан ташқари об-ҳавонинг кескин совиши ташқи стресс омил сифатида қаралса юрак қон томир касалликлари билан оғрийдиган беморларда касалликнинг хуружига сабаб бўлади, ностабил стенокардияга ва ҳатто миокард инфаркти ривожланишига олиб келиши мумкин. Сабаб совуқ ҳаво барча томирлар торайишига туртки бўлади. Иссиқ хонадан бирдан совуққа чиқиш ёки совуқда узоқ муддат қолиш оқибатида кўкрак қафасида кучли сиқувчи ёки жизиллатувчи оғриқлар пайдо бўлиши — стенокардия, инфарктдан хабар берувчи энг хавфли аломатдир. Шунингдек, ошқозон ёки бўйиндаги шунга ўхшаш оғриқларга эътибор бериш керак. Агар ушбу аломатни сезсангиз, кечиктирмасдан шифокорга мурожаат қилинг. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда юрак қон томир касалликлари билан оғрувчи аҳоли вакилларига бирданига совуқ ҳавога чиқиб кетмасликни, шифокор томонидан буюрилган дориларини доимий равишда қабул қилишларини тавсия қилиб қоламиз.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
15:46 / 09.06.2024
Ёзда қуёш уришидан қандай ҳимояланиш керак — мутахассис тавсиялари
10:45 / 05.04.2023
ССВ: Ўзбекистонда илк бор бир ярим ёшли боланинг умуртқа поғонасида мураккаб операция ўтказилди
13:48 / 19.03.2023
“COVID-19 асорати – коксартроз касаллиги кескин кўпаймоқда” – мутахассис
10:06 / 16.02.2023