Ўзбекистонда ёз фаслида офтоб уриши, халқ тили билан айтганда дам ўтиши энг кўп учрайдиган ҳолатлардан бири ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ундан сақланиш учун бир неча тавсиялар билан ўртоқлашди.

Дониёр Алимов / Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимовнинг сўзларига кўра, ёзда қуёш тиғида узоқ вақт бош яланг ва баданни ҳимоя қилмаган ҳолда қолиш офтоб уришига сабаб бўлади.

«Ҳар бир фаслнинг инсон саломатлиги учун ижобий ва салбий таъсирлари бор. Хусусан, ёзда қуёш тиғида узоқ вақт бош яланг ва баданни ҳимоя қилмаган ҳолда қолиш — офтоб уришига сабаб бўлади.

Афсуски, кўпчилик бу ҳолатга "бироз дам ўтибди" дея беписандлик билан қарайди. Аслида эса унга эътиборсиз бўлиш, жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки қуёш уриши энг хавфли ҳолат бўлиб, у ташқи термал омиллар таъсирида организмнинг умумий қизиб кетиши ва ҳароратни меъёрда ушлаб туриш қобилиятини йўқотиши натижасида юзага келади», – дейди шикофор.

Унинг асосий белгилари қуйидагилар ҳисобланади:

  • кучли бош оғриғи;
  • терлашнинг тўхташи, тери қуруқ ва қизарган бўлиши;
  • тез ва кучли юрак уриши;
  • тез-тез нафас олиш, ўткир нафас қисиши;
  • бош айланиши, қусиш ёки кўнгил айниши.

Оғир ҳолатларда эса беморда алаҳсираш кузатилади. Тана ҳарорати 41–42 даражагача кўтарилиши, чуқур беҳушлик ҳолати кузатилиши мумкин.

Мутахассис бундай пайтда беморни, энг аввало, салқин жойга кўчириб ўтказиш лозимлиги, сўнг горизонтал ҳолда ётқизиб, оёқларини сал кўтариш, кийимларини ечиш, юзини совуқ сувда ювиш ва бирор хўлланган матони юрак соҳасига қўйиш кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, унга салқин ичимлик ёки қатиқ ичириш ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим. Сабаби қуёш урган инсонга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур.

Дониёр Алимов иссиқлик уришининг олдини олиш учун бир неча тавсияларга амал қилиш лозимлигини эслатиб ўтди.

Хусусан, жазирама кунларда организм кўп сув талаб қилади. Шу боис сувсизланишнинг олдини олиш учун кунига 3 литр миқдорда суюқлик ичиш (совутилган кўк чой, газсиз минерал сув, мевали, кам ёғли сутли ичимликлар) лозим.