Жаҳон | 19:25 / 07.12.2022
5381
2 дақиқада ўқилади

Украина элчихоналарига яна шубҳали конвертлар юборилди

Барча конвертлар Германиядан жўнатилган, уларни ким жўнатганини аниқлаб бўлмаяпти.

Фото: AP

Украина элчихоналари шубҳали конвертларни олишда давом этмоқда. 15 та давлатдаги дипломатлар аллақачон таҳдидларга дуч келган, деб хабар берди Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба.

Унинг сўзларига кўра, Украина элчихоналари ва консулликларида бир ҳафтадан бери хавфсизлик чоралари кучайтирилган, шубҳали жўнатмалар келиб тушган тақдирда полиция, кинологлар, пиротехниклар ва суд-тиббиёт экспертлари чақирилмоқда.

«Охирги икки кун ичида Италия, Полша, Португалия, Руминия ва Даниядаги элчихоналарга, шунингдек, Гданскдаги консулликка шубҳали пакетлар келиб тушди. 15 та давлатда 31 та ҳолат қайд этилган: Австрия (1), Ватикан (1), Дания (1), Испания (5), Италия (4), Қозоғистон (1), Нидерландия (1), Полша (6) , Португалия (2), Руминия (2), АҚШ (1), Венгрия (2), Франция (1), Хорватия (1) ва Чехия (2)», деди Кулеба.

Мулозим сўзларига кўра, барча конвертлар бир хил манзилдан юборилган: Германиянинг Зинделфинген шаҳридаги Tesla автосалонидан. Шу билан бирга, конвертлар видеокузатув мосламалари билан жиҳозланмаган почта бўлимларидан юборилмоқда. Жўнатмаларда ДНК излари йўқ. Бу жараённи профессионаллар бошқараётганидан далолат беради, деди вазир. У содир бўлаётган воқеаларни «Украина дипломатларига қарши террор кампанияси» деб атади.

«Тарихда бир давлатнинг кўплаб элчихоналари ва консулликлари қисқа вақт ичида бундай оммавий ҳужумларга учраганини эслай олмайман», деди Кулеба.

1 декабр куни Испанияда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари олтита бомба жўнатмасини топгани маълум бўлди. Улар Испания бош вазири Педро Санчес, Мудофаа вазирлиги, Мадрид яқинидаги Торрехон-де-Ардос авиабазаси, Украина элчиси, Сарагоса қуролсозлик компанияси, шунингдек, Мадриддаги АҚШ элчихонасига юборилган. Украина элчисига юборилган жўнатма портлаб кетиб, элчихона ходимини яралаган эди.

Мавзуга оид