Спорт | 22:08 / 10.12.2022
33284
2 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2022. Марокаш эртаги давом этади! Португалия турнирдан чиқариб юборилди

Марокаш Испаниядан кейин, Португалияни ҳам сенсацион тарзда турнирдан чиқариб юбориб, Африка жамоалари тарихида илк марта жаҳон чемпионати яримфиналига йўлланма олди.

Фото: Getty Images

«Ат-Тумама» стадионида кечган чоракфинал учрашувида турнир кашфиётига айланган Марокаш ғолибликка даъвогарлардан бири Португалияга қарши саф тортди. Аввалги ўйиндагидек бу сафар ҳам португаллар сафида жамоа юлдузи Роналду захирада қолди.

Тенгкурашлар остида ўтган биринчи бўлимнинг 42-дақиқасида жарима майдонига етказилган тўпга дарвозабон Коштадан илдамроқ ҳаракат қилган Ан-Носири стадионни ларзага келтирди – 1:0.

Иккинчи бўлимда Фернанду Сантуш Криштиануни майдонга туширишга мажбур эди. Чунки португаллар ҳужумкорликни оширишга мажбур эдилар. Шунга қарамай, Марокаш ҳимоя қўрғони турнирдаги бехато ҳаракатларини давом эттириб, якунда навбатдаги сенсацион ғалабасини қўлга киритди. 

Шу тариқа, Марокаш ўз тарихи ва Африка жамоалари тарихида илк марта жаҳон чемпионати яримфиналига йўлланма олди. Улар финал йўлланмаси учун курашда Англия – Франция ўйини ғолибига қарши майдонга тушишади. 

ЖЧ-2022. Чоракфинал. 10 декабрь
Марокаш – Португалия – 1:0

Гол: 1:0 – 42 Ан-Носири.
Марокаш – Буну, Ҳакими, Саисс (Дари, 57), Ал-Ямик, Аттийят-алла, Амрабат, Амалла (Шеддира, 65), Унаи, Зиёш (Абуҳилол, 82), Буфаль (Жабран, 82), Ан-Носири (Банун, 65).
Португалия – Диогу Кошта, Диогу Далот (Рикарду Орта, 79), Пепе, Рубен Диаш, Геррейру (Жоау Канселу, 51), Отавио (Витинья, 69), Бернарду Силва, Рубен Невеш (Роналду, 51), Бруну Фернандеш, Жоау Феликс, Гонсалу Рамуш (Рафаэл Леау, 69).
Огоҳлантиришлар: Дари (70), Витинья (87).

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид