Спорт | 15:36 / 10.12.2022
19500
1 дақиқада ўқилади

Ван Гал Нидерландиядан истеъфога чиқишини эълон қилди

ЖЧ-2022 чоракфинали доирасидаги Нидерландия – Аргентина (2:2, пенальтилар серияси – 3:4) ўйинидан кейин турнир билан хайрлашган нидерландияликлар бош мураббийи Луи ван Гал истеъфога чиқишини маълум қилди.

Фото: Getty Images

«Бош мураббий сифатида фаолиятимни давом эттирмайман. Мен Нидерландия бош мураббийи сифатида фақатгина ЖЧ-2022да ишлашга рози бўлгандим. Шундай экан, бу менинг сўнгги учрашувимга айланди.

Бу сафар ҳам миллий жамоадаги давримни ажойиб ўтказдим. Мана шундай аламли мағлуб бўлмаслик учун бор имкониятни ишга солганимдан кейин ҳам турнирни бу тарзда тарк этиш жуда оғриқли», - дейди 71 ёшли мураббий. 

Эслатиб ўтамиз, ван Гал мураббийлик фаолияти давомида 3-марта Нидерландия миллий жамоасини тарк этди. У дастлаб 2000-2001, кейин 2012-2014, сўнгги марта эса 2021-2022 йиллар давомида «лоларанглилар» бош мураббийи сифатида ишлади.

Аввалроқ, Бразилия бош мураббийи Тите ҳам Хорватия билан мағлубиятли ўйиндан кейин истеъфога чиқарилганди.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид