Трансафғон темирйўли ҳақида

Марказий ва Жанубий Осиё тарихан бир-бирига узвий боғланган ҳудудлар бўлиб келган. Афсуски, турли замонавий глобал муаммолар, хусусан Афғонистондаги «сиёсий ўйинлар» икки минтақа ўртасида азалий алоқалар узилишига олиб келди, ўзаро ишончсизлик ва совуқчилик муҳитини юзага келтирди.

Ўзбекистон ҳукуматининг ташаббуси билан ўзаро иқтисодий алоқаларни қайта тиклаш ва ривожлантириш мақсадида 2021 йилнинг 2 феврал куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон ўртасида «Мозори Шариф–Кобул–Пешовар» темирйўлини қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинганди.

Хусусан, қурилиш ишлари 2021 йилнинг кузида бошланиши режалаштирилган эди, бироқ Афғонистонда ҳокимият алмашиши бунга йўл қўймади. «Толибон» ҳаракатининг муваққат ҳукумати эса бир қанча музокаралардан сўнггина лойиҳага қўшилди. Шундан сўнг жорий йилнинг январ ойида темирйўлнинг дастлабки йўналиши тасдиқланди.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида товар-маҳсулотларни Марказий Осиё, МДҲ ва Европага етказиб бериш муддати сезиларли даражада қисқариши кутилмоқда. Хусусан, Трансафғон темирйўли қурилиши энг йирик субминтақалар ўртасида юк ташиш вақти ва нархини сезиларли даражада камайтиради. Минтақа мамлакатлари учун Покистоннинг йирик денгиз портларига чиқиш имконияти яратилади.

Лойиҳани ким молиялаштиради?

Таклиф этилаётган темирйўл линияси Ўзбекистонни «денгизга чиқиш имконияти йўқ» мақомидан «қуруқлик орқали денгизга боғланган» давлат мақомига ўтиш имкониятига эга. Бу Ўзбекистоннинг иқтисодий хавфсизлиги учун жуда ҳам муҳим. Бироқ бу борада молиявий, техник ва географик тўсиқлар сақланиб қолмоқда. Шулардан энг муаммоли томони – темирйўл линиясини ким молиялаштириши масаласидир.

Трансафғон темирйўлининг узунлиги тахминан 573 кмни ташкил қилади. Лойиҳани амалга ошириш дастлаб 4,8 – 5 миллиард доллар атрофида баҳоланган ва керакли маблағларнинг катта қисми Жаҳон банки томонидан молиялаштирилиши керак эди. Аммо АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ва «Толибон» ҳаракатининг ҳокимиятга келиши фонида Жаҳон банки келишувни бекор қилди.

АҚШнинг Афғонистонда мавжудлиги ҳам мазкур мамлакатда самарали бошқарув, соғлом сиёсий муҳит ва барқарор хавфсизликни таъминлай олмаган бўлса-да, кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар айнан АҚШ мавжудлиги туфайли Афғонистонга сармоя киритиб келаётган эди. Қўшма Штатларнинг чиқиб кетиши билан бошқа донор мамлакатлар ва молиявий халқаро ташкилотларнинг ҳам иқтисодий кўмаги ўз-ўзидан кескин даражада камайди.