Etihad Airways Ўзбекистонга парвозларни йўлга қўяди. Марказий банкнинг банкларда текшириш ўтказиш тартиби ўзгаради. Сурхондарёда адвокат 50 минг доллар билан ушланди. Ўзбекистон ҳудудига жуда иссиқ ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Ўзбекистон ҳудудига жуда иссиқ ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда

Жорий йилнинг 17-19 июл кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилмоқда.

17 июлда республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида, 18-20 июлда ҳудуднинг катта қисмида ҳаво ҳарорати +40...+43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +44...+45 даражагача кўтарилади.

Республика бўйича шамол тезлиги 13-18 метр/сониягача кучайиши, баъзи жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши кутилмоқда.

Etihad Airways Ўзбекистонга парвозларни йўлга қўяди

Etihad Airways авиакомпанияси БАА пойтахти Абу-Даби шаҳридан Форс кўрфази, Европа, Кавказ ва Марказий Осиёдаги еттита янги йўналиш бўйича парвозларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Жумладан, Абу-Дабида жойлашган авиакомпания Олмаота, Боку, Бухарест, Мадина, Тбилиси, Тошкент ва Ереванга парвозларни йўлга қўяди.

Чипталар бир неча кун ичида сотувга чиқарилади, рейслар 2026 йил март ойида бошланади.

Бу эълон Венгриянинг Wizz Air бюджетли авиакомпанияси Абу-Дабидаги фаолиятини тўхтатаётгани, шу сабабли, кўплаб йўналишлардаги авиақатновлар, жумладан, Тошкент ва Самарқандга парвозлар тўхтатилишини маълум қилганидан бир кун ўтиб янгради.

Маълумот учун, Etihad Airways 2025 йил биринчи ярмида 10,2 миллион йўловчини ташиган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоиз кўп.

Марказий банкнинг банкларда текшириш ўтказиш тартиби ўзгаради

Марказий банк томонидан банклар ва уларнинг филиалларида инспекция ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилади.

Банклар ва уларнинг филиаллари фаолиятига хос таваккалчиликни баҳолаш, иқтисодий нормативларга риоя қилиниши, уларга белгиланган меъёрларнинг тўғри ҳисобланиши аҳволини текшириш амалга оширилади. Бунда ташқи омилларнинг банк молиявий ҳолатига таъсири аниқланади ҳамда банк капитали, активлари сифати, бошқаруви, даромадлари ҳамда ликвидлилиги текширилади.