Жаҳон | 08:49 / 13.12.2022
4652
2 дақиқада ўқилади

Эрон европалик сиёсатчилар ва компанияларга қарши санкциялар жорий қиляпти

Эрон 32 европалик сиёсатчи, компания ва муассасага, жумладан, Германия давлат маданият вазири Рот ва Франция журналига нисбатан санкциялар жорий қилди. Теҳрон Европа Иттифоқининг жазо чораларига шундай муносабат билдирган.

Фото: Reuters

Эрон ҳукумати 12 декабрь, душанба оқшомида Европанинг 32 сиёсатчиси, компанияси ва муассасасига қарши санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Улар орасида Германиянинг маданият ва оммавий ахборот воситалари бўйича давлат вазири Клаудия Рот ва Германия собиқ мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр бор. 

Бундан ташқари, Теҳроннинг санкциялар рўйхатига Британия Мудофаа штаби бошлиғи Энтони Радакин, Британия MI5 контрразведкаси раҳбари Кен Маккаллум, Франция журнали ва «Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси»нинг форсча таҳририяти киради. 

Санкциялар ичига мамлакатга киришни тақиқлаш, шунингдек, ушбу жисмоний ва юридик шахсларнинг Эрондаги активларини музлатиш киради, дея аниқлик киритган AFP агентлиги. 

Шундай қилиб, Эрон ҳукумати 12 декабрь куни Брюссел аввалроқ эълон қилган Европа Иттифоқининг қўшимча санкцияларига муносабат билдирди. 20 нафар эронлик шахс ва Европа Иттифоқидаги бир ташкилотга нисбатан чеклов чоралари Ислом Республикаси ҳукумати томонидан инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши, жумладан яна бир намойишчининг қатл этилиши ва Теҳроннинг Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлагани муносабати билан жорий этилди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Кананий Европа Иттифоқи санкцияларини «ноқонуний» деб атади ва Европани «Эроннинг ички ишларига аралашишда» айблади. 

Эрон санкциялари остида қолган Германия давлат маданият ва оммавий ахборот воситалари вазири Клаудия Рот уларни «ташвиқот кайфиятидаги чоралар» деб атади. Теҳрон уларни фақат «эътиборни Эроннинг ҳақиқий муаммолари, коррупциялашган, репрессив режимга қарши кучайиб бораётган норозиликдан чалғитиш» мақсадида киритмоқда, деди немис сиёсатчиси. 

Мавзуга оид