Лондон Россияга қарши янги санкциялар пакетини эълон қилди
Буюк Британия Россия ва Эронга қарши янги «16 та санкциядан иборат тўплам»ни эълон қилди.
Чеклов чоралари Россия Қуролли кучлари қўмондонлигининг 12 нафар вакилига, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратлари ишлаб чиқариш ва/ёки уларни Москвага етказиб бериш билан боғлиқ бўлган эронлик тадбиркорлар ва амалдорларга қарши қаратилган.
Буюк Британия ҳукумати баёнотида айтилишича, генерал-майор Роберт Барановга нисбатан санкциялар жорий этилган. У, Bellingcat маълумотларига кўра, Россия Қуролли кучларининг асосий ҳисоблаш марказини (АҲМ) бошқарган ҳамда ходимлари Украинадаги фуқаролик нишонларига ракеталарни йўналтирган.
Бундан олдин Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар бўйича махсус вакил тайинлаши тўғрисида хабар берилганди.
12 декабрь, душанба куни Financial Times'нинг манбаларга таяниб хабар беришича, у ЕИнинг АҚШдаги собиқ вакили Дэвид О'Салливан бўлади. Унинг вазифаси бутун дунё бўйлаб Европа Иттифоқининг Украинага қарши уруш учун қўллаган жазо чораларига қатъий риоя қилишни таъминлашдан иборат бўлади.
Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Туркия каби давлатлар Россиянинг Европа чекловларини четлаб ўтишига йўл қўймаслигини таъминлаши кутилмоқда. Нашрнинг ёзишича, АҚШ ва Европа Иттифоқи Анқарадан саноат ва мудофаа маҳсулотлари экспорти устидан қаттиқ назоратни четлаб ўтишга уринаётган компаниялар томонидан Россияга тақиқланган маҳсулотлар етказиб берилишига қарши чора кўришни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, FT манбасига кўра, бу борада Сербия ва Бирлашган Араб Амирликлари Брюсселнинг диққат марказида бўлган.
Европа Иттифоқининг юқори мартабали мулозимига кўра, Еврокомиссия 13 декабрдаёқ янги лавозимни белгилаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Дэвид О'Салливан 2023 йилнинг январида лавозимни эгаллаши мумкин. Дэвид О'Салливан ҳозирда Ирландиядаги Халқаро ва Европа муносабатлари институти таҳлил марказига раҳбарлик қилади.
Мавзуга оид
11:54
Британия РФга қурол етказиб бергани учун Эронга қарши санкциялар киритди
09:59
Украина хандақларида тақиқланган CS гази излари топилди
00:36
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
21:08 / 18.11.2024