Жаҳон | 07:48 / 13.12.2022
5515
6 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи шу ҳафта тўққизинчи санкциялар пакетини келишиб олиш ниятида

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Россиядаги 200 нафар шахс ва корхонага қарши янги шахсий санкцияларни қўллаб-қувватлади. Брюссел яқин кунларда тўққизинчи санкция пакетининг тармоқ қисми бўйича келишиб олишга умид қилмоқда.

Фото: vesti-ua.net

12 декабрь, душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг 2022 йилдаги сўнгги учрашуви муҳити Бельгия пойтахти кўчаларида аллақачон ҳукм сураётган байрамона кайфиятдан йироқ эди. Вазирлар глобал хавфсизликка жиддий таъсир кўрсатадиган муҳим масалалар: Россия ва Эронга қарши янги санкциялар, шунингдек, Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича умумий позицияни топиши керак.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел душанба куни эрталаб вазирлар йиғилиши олдидан Европа Кенгаши биносига келганида журналистларга: «Бу узоқ ва қийин учрашув бўлади», деди. Европа бош дипломатининг пессимизми сабабларидан бири Россияга қарши тўққизинчи санкциялар пакети бўйича қарорни келишиб олиш бўлди. Бир неча кун олдин Европа комиссияси Россияга қарши янги қатор чекловларни жорий этиш таклифини илгари сурди. Аммо, Боррел таъкидлаганидек, «бизнинг таклифларимиз - ҳали ечим эмас», ҳал қилувчи сўз 15 декабрь куни Брюсселда давлат ва ҳукумат раҳбарларининг олий даражадаги учрашуви бўлиб ўтадиган Европа кенгаши томонидан айтилади.

Янги санкциялар пакети доирасида Еврокомиссия икки мақсадли маҳсулотларга, хусусан, икки томонлама мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган айрим кимёвий компонентлар, асаб-паралитик моддалар, электроника ва дастурий таъминотга қўшимча экспорт чекловларини киритишни таклиф қилди. Бундан ташқари, Россиянинг дронларни сотиб олиш имкониятини сезиларли даражада мураккаблаштириш таклиф қилинмоқда.

Жозеп Боррел якуний матбуот анжуманида айтганидек, вазирлар «Путин Украинага ҳужум қилишда давом этаётган шафқатсизликнинг сўнгги кучайишига» жавоб сифатида киритилиши таклиф этилаётган санкциялар пакетининг ушбу бандлари бўйича келиша олмади. «Аммо мен умид қиламанки, биз шу ҳафта ичида янги қаттиқ санкциялар бўйича келишиб оламиз», деб ишонтирди европалик дипломат.

Европа Иттифоқининг қайси давлати санкцияларга тўсқинлик қилмоқда деган саволга жавоб берар экан, у қарши чиққанларни айтмаслигини таъкидлади. «Бизда 100 фоиз келишув йўқ. Гап битта давлат ҳақида эмас, гарчи сиз қайси давлатни назарда тутаётганингизни билсам ҳам», — деди дипломат Венгрия Россияга қарши янги санкциялар қўлланилишига очиқчасига қарши эканига ишора қилиб. Боррелнинг тушунтиришича, умумий ечим топишдан мақсад, «санкциялар ножўя таъсир кўрсатмаслиги учун қандай истисноларни амалга ошириш» ва шунга қарамай, улар ўз кучини сақлаб қолиш борасида келишиб олишдир.

Янги пакетга киритилган Россиянинг жисмоний ва юридик шахсларига нисбатан шахсий санкциялар бўйича вазирлар умумий тил топган кўринади. Боррелнинг сўзларига кўра, санкциялар рўйхатига Россиянинг 200 га яқин жисмоний шахслари ва корхоналари киритилган. Улар орасида Россия ҳукумати, Давлат Думаси, Федерациялар Кенгаши аъзолари ва суд ҳокимияти вакиллари бор.

«Биз бу санкцияларни Украина ғалласини ўғирлаган, Украина фуқароларини, хусусан, болаларни депортация қилишда иштирок этганларга қарши йўналтирдик», — деди Боррел. Шунингдек, у «эркин матбуот вакили бўлмаган, балки дезинформацияни тизимли манипуляция қилиш билан жамоат майдонини заҳарлайдиган ОАВ ташкилотларига» нисбатан санкциялар қўлланилишини қўшимча қилди. «Биз санкциялар ишлаётганини, Россияда қурол ишлаб чиқаришга тўсқинлик қилганини биламиз ва бизнинг санкцияларимиз туфайли Путин Украинада ўз мақсадларига эриша олмади», — деди Боррел.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари йиғилишининг Украинани қўллаб-қувватлаган яна бир қарори Европа тинчлик жамғармасини ошириш қарори бўлди. Боррелнинг сўзларига кўра, вазирлар жамғармани икки миллиард евро билан тўлдиришга келишиб олдилар, келажакда уни яна 3,5 миллиард еврога ошириш мумкин. Европа тинчлик жамғармаси туфайли Европа Иттифоқи аллақачон Украина армиясини умумий қиймати 3,1 миллиард еврога тенг олтита ёрдам пакети билан қўллаб-қувватлаган.

Европа Иттифоқи вазирлари йиғилишига уларнинг украиналик ҳамкасби Дмитрий Кулеба ҳам видео-алоқа орқали қўшилди ва Россиянинг Одесса вилояти инфратузилмасига охирги ракета ҳужуми ҳақида гапирди. «Ҳозир Одессада нол даража совуқ. Путин украиналикларни музлатиб қўймоқчи, миллионлаб одамларни атайлаб ёруғлик, сув ва иссиқликдан маҳрум қилмоқда. Буни инсониятга қарши жиноят дейиш мумкин», - дейди Боррел. У, шунингдек, вазирлар Кулебага Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришга ваъда беришган.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери деярли ўн ой ичида биринчи марта "Шарқий ҳамкорлик"нинг олти давлати – Озарбойжон, Арманистон, Грузия, Украина ва Молдовадан беш нафар ҳамкасби билан учрашди. Ушбу ташаббуснинг аъзоси бўлган Беларус унда иштирок этишни тўхтатди.

Афтидан, Брюссел ниҳоят "Шарқий ҳамкорлик" доирасидаги ҳамкорликни геосиёсий воқеликка мослаштиришга қарор қилди. Боррелнинг айтишича, учрашув давомида Россия тажовузининг ушбу дастурда иштирок этаётган ҳар бир давлат учун оқибатлари ва уларнинг янги хавфсизлик таҳдидларига қаршилигини кучайтириш йўллари муҳокама қилинган. «Биз "Шарқий ҳамкорлик"ни шерикларимизнинг стратегик эҳтиёжларини қондириш учун қандай қилиб янада мослашувчан қилиш ҳақида гаплашдик, улардан иккитаси – Молдова ва Украина аллақачон Европа Иттифоқига номзод мақомини олган», — деди Боррел.

Мавзуга оид