Ўзбекистон | 20:31 / 14.12.2022
22990
3 дақиқада ўқилади

Намойишчиларни қўлга олишда ваколатидан четга чиққан куч тузилмалари ходимлари жавобгарликка тортилади – Бош прокуратура

Таъкидланишича, Нукус воқеалари пайтида вафот этган 19 нафар шахснинг рўйхати ва вафот этиш сабаблари очиқ суд мажлисларида очиқланади.

Бош прокуратура Қорақалпоғистон воқеаларини ўрганиш мақсадида ташкил этилган Мустақил комиссия сўровига жавобан маълум қилишича, 1-2 июль кунлари ўтказилаётган оммавий тартибсизликлар вақтида ҳамда айбдорларни қўлга олиш жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари хизмат ваколатидан четга чиқиб, заруриятсиз куч ва воситаларни ишлатгани тасдиғини топган тақдирда, улар жавобгарликка тортилади.

“Жамоат тартибини сақлашга сафарбар килинган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан оммавий тартибсизлик иштирокчиларига нисбатан қурол ва махсус воситалар қўллангани ҳолатига алоҳида иш юритувига ажратилган жиноят иши доирасида ҳуқуқий баҳо берилади”, дейилади расмий маълумотда.

Бундан ташқари оммавий тартибсизликлар чоғида 2 нафар фуқаронинг вафоти ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида прокуратура идоралари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган. Тергов якунига кўра, айбдор деб топилган шахсларга нисбатан қонуний қарорлар қабул қилиниши таъминланади.

Таъкидланишича, Нукус воқеалари пайтида вафот этган 19 нафар шахснинг рўйхати ва вафот этиш сабаблари (қийноқдан, ўқотар қуролдан ва махсус воситалардан вафот этгани) очиқ суд мажлислари давомида бирма-бир муҳокама қилинади.

Бош прокуратурага кўра, хизмат ваколатидан четга чиқиб, заруриятсиз куч ва воситаларни ишлатган куч тузилмалари ходимларига нисбатан қонуний чора кўрилган тақдирда уларнинг ишлари очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилади.

Оммавий тартибсизликлар оқибатида фуқароларга, жамият ва давлат манфаатларига етказилган умумий зарар суммаси экспертлар томонидан 6,6 млрд сўм дея баҳоланган. “Зарарларни айбдор шахслардан солидар тартибда ундириш масаласи суд томонидан кўриб чиқилади”, дейилади Бош прокуратура томонидан Мустақил комиссияга тақдим этилган маълумотда.

Қайд этилишича, Нукус воқеалари юзасидан судланаётганлар орасида чет эл фуқаролари мавжуд эмас.

Эслатиб ўтамиз, 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида рўй берган тартибсизликлардан кейин, президент Қорақалпоғистон ҳудудида бир ой муддатга фавқулодда ҳолат режими жорий этганди.

Июл ойида Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш учун Мустақил комиссия тузилган, унга омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилиши хабар қилинганди. Мустақил комиссия аъзолари 15 август кунидан яна иш бошлаганди.

Аввалроқ Мустақил комиссия Бош прокуратурага мурожаат қилиб, Қорақалпоғистон воқеаларига доир суд жараёнларида иштирок этиш давомида юзага келаётган ва кенг аҳоли вакилларини хавотирга солаётган ҳолатларга ойдинлик киритишни сўраганди.

28 ноябрь куни Нукус воқеалари бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бошланганди. Бош прокуратура яна 39 кишига дахлдор иккинчи жиноят иши бўйича тергов якунланаётганини, Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликларни уюштиришда жами 171 киши айбланаётганини маълум қилган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид