Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларни ўрганиш ва улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича тузилган комиссия Бухорода бўлаётган суд бўйича мажлис ўтказди. Мажлисда суд жараёнлари очиқ ўтказилаётгани билдирилиб, қатнашчиларнинг кўрсатмалари таҳлил қилинган.
Шунингдек, комиссия Бош прокуратурага мурожаат қилиб, суд жараёнларида иштирок этиши давомида бу борада юзага келаётган ва кенг аҳоли вакилларини хавотирга солаётган ҳолатларга ойдинлик киритилишини сўраган.
«Мурожаатда оммавий тартибсизликларнинг содир бўлишида айбдор сифатида ҳибсга олинган 516 нафар фуқаро, ҳозирда иши судда кўриб чиқилаётган 22 нафар айбланувчи, ёпиқ муассасаларда вақтинча ушлаб турилган бошқа шахслар, маъмурий жавобгарликка тортилганлар, шунингдек, тартибсизликлар вақтида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идоралар томонидан ортиқча куч-восита ишлатилган ёки ишлатилмаганлиги ҳамда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ахборот бериш сўралди», - дейилади баёнотда.
Маълум қилинишича, тақдим этилган якуний статистик ва таҳлилий маълумотлар очиқланиши билан Мустақил комиссия томонидан жамоатчиликка хабар берилади.












