Жаҳон | 00:58 / 14.12.2022
10319
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи қишки мавсумни ўтказиш учун зарур бўлган газ ҳажмини тўплади

Россиянинг газ шантажи иш бермади.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи қиш мавсумини ўтказиш учун зарур бўлган газ ҳажмини тўплади. Бу Россия таъминотидаги узилишларга қарамай содир бўлди, деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен.

Унинг таъкидлашича, Россиядан газ етказиб бериш 2022 йил сентябр ва 2021 йил сентябр ойи билан солиштирганда 80 фоизга камайган.

«Биз Россиянинг шантажига қарши тура олдик. Чунки биз газ омборларини тўлдириш мажбуриятини бажардик. Бизнинг омборларимиз 90 фоиздан кўпроққа тўлган. Биз сўнгги беш йилдаги ўртача кўрсаткичлардан ошиб кетдик», деди фон дер Ляйен.

Россия ҳукумати томонидан «Европани музлатиш» таҳдиди мунтазам янграб туради. Бироқ, Европа қайта таъминотни ташкил этишга муваффақ бўлди. Россия газини алмаштириш устувор вазифага айланди, гарчи илгари бу узоқ муддатли мақсаддек кўринса-да. Россия ўрнига Европа Иттифоқи мамлакатлари энди АҚШ, Норвегия, Озарбойжон, Жазоир, Нигерия ва бошқа Африка давлатлари, шунингдек, Шарқий Ўртаер денгизи мамлакатлари (Миср, Исроил, Кипр) томонидан газ билан таъминланмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид