Жаҳон | 15:51 / 15.12.2022
8107
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Украина инфратузилмасига ҳужумлар миграция тўлқинига сабаб бўлади

Фото: Getty Images

Бирлашган миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Турк Украина инфратузилмасига янги ҳужумлар гуманитар вазиятнинг жиддий ёмонлашишига ва аҳолининг яна кўчишига олиб келишини маълум қилди

Украинага сафари ортидан Инсон ҳуқуқлари кенгашида нутқ сўзлаган Фолькер Турк Россия зарбалари миллионлаб одамларни «ўта оғир аҳволга солаётганини» айтди.

Ўз навбатида, Украина Қуролли кучлари Стратегик алоқа бошқармаси (УҚК САБ) хабар беришича, Луҳанск вилоятининг Кадиевка шаҳрида жойлашган Россияга тегишли ўқ-дорилар омборига янги зарбалар берилган, натижада ўқ-дорилар портлаб кетган. 

Бундан олдин Европа Иттифоқи мамлакатлари молия вазирлари Украинадаги уруш сабаб бўлган асосий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган бюджетни қабул қилганди. 

Хусусан, 2023 йилга мўлжалланган янги молиявий режада қўшни давлатларни қўллаб-қувватлаш, ҳарбий ҳаракатчанлик ва энергетика инқирозидан чиқиш учун харажатларни ошириш кўзда тутилган.

«Уруш давом этмоқда. Бундай қийин пайтларда биз қўшниларимизга ёрдам беришимиз, Молдова ва Украинага ёрдам беришимиз керак, - дея тушунтирди Европарламентнинг бюджетлар бўйича махсус қўмитаси аъзоси Николай Стефанута. - Бундан ташқари, Европа Иттифоқи зудлик билан ҳарбий ҳаракатчанлигини кучайтириши керак, бу тўғридан тўғри содир бўлиши керак».

186,6 миллиард евролик бюджетда қўшни давлатларга ёрдам кўрсатиш учун бюджетга деярли 15 миллиард евро қўшилган. "Erasmus плюс" талабалар дастури учун 3,7 миллиард евро ажратилди - бу Украинадан қочиб кетган мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг таълимига қўшилган ҳиссадир. 

«Украиналик олимлар ва талабаларга Европа Иттифоқи бюджети ҳисобидан Европа университетларида интеграциялашувига ёрдам бериш учун ушбу дастур харажатлари сезиларли даражада оширилди», — деди Стефанута.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид