07:30 / 17.12.2022
3428

Давлат назорати асослари тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

“Давлат назорати асослари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси 6 боб ва 63 моддадан иборат бўлиб, қуйидаги тартибда баён этилган:

  • биринчи бобда қонун лойиҳаси мақсади, асосий тушунчалари (давлат назорати, назорат қилувчи органлар, назорат қилинувчи шахслар, назорат тадбири, мажбурий талаблар), давлат назорати асосий вазифалари ва тамойиллари, давлат назорати объектлари ва субъектлари, давлат назоратини амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда давлат назорати турлари тўғрисидаги қоидалар акс эттирилган;
  • иккинчи бобда назорат қилувчи органлар (Олий Мажлис, Конституциявий суд, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, прокуратура органлари, назорат функцияларига эга бўлган давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари) ваколатларига оид қоидалар баён этилган;
  • учинчи бобда назорат қилувчи органлар ҳамда назорат қилинувчи шахслар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, назорат тадбирларида гувоҳ, эксперт, мутахассис иштироки, улар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, назорат қилувчи орган мансабдор шахси ёки давлат назоратини амалга оширишга кўмаклашувчи шахс рад этилиши ва унинг ўзини ўзи рад этиши тўғрисидаги қоидалар назарда тутилмоқда;
  • тўртинчи бобда назорат тадбирларини ўтказиш асослари, назорат тадбирларини ўтказишга қўйиладиган умумий талаблар, назорат тадбирлари турлари, давлат назоратини ҳисобга олиш ва туркумлашга оид қоидалар белгиланмоқда;
  • бешинчи бобда назорат тадбирлари натижалари ва улар ижро этилиши, назорат тадбирини ўтказган назорат қилувчи орган ва унинг мансабдор шахслари қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тартиби тўғрисидаги қоидалар назарда тутилмоқда;
  • олтинчи бобда давлат назорати соҳасидаги фаолиятни молиялаштириш, давлат назорати тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик, низоларни ҳал этиш тўғрисидаги қоидалар акс эттирилган.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида қуйидаги натижаларга эришилиши кутилмоқда:

  • давлат назорати фаолиятини ташкил этиш аниқ ҳуқуқий асосларини белгилаш;
  • давлат назорати фаолияти асосий тамойилларини қонунчилик билан тартибга солиш;
  • давлат назорати турларини тизимлаштириш ва уларни амалга ошириш механизм ва тартиб-таомилларини белгилаш;
  • назорат тадбирлари натижалари ва улар ижро этилиши, назорат қилувчи орган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тартибини белгилаш;
  • давлат назорати тадбирлари ягона ҳисобини юритиш тизимини яратиш;
  • “давлат назорати” ва “давлат текшируви” сўзларини бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида қонунчиликда “надзор” сўзидан тўлиқ воз кечиш орқали фақат “контрол” сўзидан фойдаланишни йўлга қўйиш.
Top