Тундаги қасос. Нега ухламай, ижтимоий тармоқларни кузатиб ўтирибмиз?
Пандемия даврида интернет одамларнинг энг асосий овунчоғига айланди. Уларни зериктирмайдиган томоша, вайн ва сериаллар ҳам кўпайди. Эндиликда нормал ҳаётга қайтиш палласида, ҳалигача одамлар ухлолмай ижтимоий тармоқларни кузатишда давом этяпти. Бу касалликми?
Тунда ухламай, сериал томоша қилиш ёки ижтимоий тармоқдаги видеоларни кузатиш кўпчилик учун одатий ҳолга айланмоқда. Айниқса, кун давомида ишдан толиқиб, жисмонан ва ақлан чарчаган ишчилар орасида бу кундалик турмуш тарзининг бир бўлагига айланмоқда. Қуйида ушбу ҳолатни атрофлича ўрганиб, одамлар чарчаса ҳам, видеоларни томоша қилиб ётганига нима сабаб бўлаётганини англашга ҳаракат қиламиз.
Тунги қасос
Ўзи истаган машғулот билан шуғулланишга вақт тополмаган одам тунда шуларни бажаришга киришади. Кўпинча бу офисдаги иш, муҳлати яқинлашиб қолган буюртмалар ё ўқитувчи учун ўқувчиларнинг конспекти бўлиши мумкин. Аммо айрим одамлар шунчаки вақтини эркин тасарруф эта олмагани, иш пайтида кўнгилёзар лаҳзалар кам бўлгани учун ижтимоий тармоқларни “титкилайди”. Йилдан йилга онлайн видео платформалар орқали сериал, вайн (қисқа ҳазил, сатирик лавҳалар) ва ибратли масаллар томошабинлари сони ортиб бораётгани сир эмас. Ўзига хос “тунги қасос” ёхуд “уйқуни кечиктириш” (прокрастинация) 2014 йили расман термин сифатида медиада ишлатила бошлади. Унда суткасига 12 соат ишлайдиган хитойлик меҳнаткашлар орасида тунги пайтда қўл телефонида видео-стрим (онлайн платформа орқали сериал) томоша қилиши тасвирланган. Кейинроқ, 2019 йили журналист Дафна Ли ушбу ҳолатга батафсил тўхталиб, “кундузи ҳаётини эркин ташкил эта олмаган кишилар тунда, уйқусидан воз кечиб, шундай қасос олаётгани” ҳақида ёзган.
Прокрастинацияни қандай таниб олиш мумкин?
Ҳамма кеч ухлайдиган, тунни бедор ўтказувчилар ҳам прокрастинация (ишларни кейинга қолдириш маъносида) қилувчилар тоифасидан эмас. Айримлар шунчаки мураккаб режимли ишда меҳнат қилгани, бошқалар кун давомида тўплаган ишларни бир кунда ҳал қилиш учун шижоат қилади. Айниқса, чақалоғи бор ота-оналар, шахсий эҳтиёжларига вақт ажрата олмаганлар учун оқшомда ишларни битказиш қулайроқ. Шунга қарамай, тадқиқотчилар “тунги уйқуни кечиктирувчилар”ни таниб оладиган тўрт сифатни қуйидагича кўрсатган:
– тунда ухлаш вақти қисқаради;
– уйқуга халақит қиладиган сабаблар (касаллик, ётоқдаги шароит ва ҳ.к.) бўлмай туриб, тўшакда ухламай ётиш;
– гаджетлардан ажрамаслик, мақсадсиз ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни кузатиш ва видеоларни сурункали томоша қилиш;
– айни пайтда уйқуни кечга суриш эрталаб ёмон оқибатларга (ҳам жисмонан, ҳам руҳан) олиб келишини била туриб, ухламасликда давом этиш.
Тунги прокрастинацияга нима сабаб бўлади?
Албатта, бунинг энг катта сабаби – кун давомида хаёлда режаланган ишлар учун вақт етишмаслиги. Бундан ташқари, қуйидаги сабаблар ҳам тунда ухламасликка олиб келиши айтилади:
– ўзини онгли бошқара олмаслик;
– тунги уйқу режими бузилиши – “бойўғли”га эрта ухлаш қийин бўлади;
– кундалик турмуш тарзи ва ишхонадаги асаб бузилиши;
– оғир иш кунидан кейин ўзини чалғитишга бўлган юқори ҳис.
Табиийки, уйқуни кечга суриш одати давомий кузатилса, шахсиятда ўзгаришлар ҳам юз беради. Журналист Дафнанинг айтишича, уйқусиз ишчилар орасида депрессия, хавотир, диққатни йиға олмаслик кўп учраган. Уларнинг кўпчилиги юрак-қон томири касалликлари билан хасталанган. Энг ёмони эса иммунитети тушиб, хотира пасайган. Шундай экан, замонавий ёмон одатга қарши курашишнинг самарали усуллари борми? Ҳа, аввало шуни билингки, бунинг учун қатъий ирода керак.
Уйқу режимини нормаллаштириш бўйича тавсиялар билан танишиб чиқиб, уларни уч гуруҳга ажратиш мумкин: вақтни бошқариш, овқатланиш ва тунги режимга амал қилиш, шунингдек мутахассислар маслаҳатига қулоқ тутиш керак. Асосан, ишни тартибга солиш лозим, ошиқча юкламалардан воз кечиб, шахсий машғулотлар учун вақт топинг. Тартибли овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя этинг. Мутахассислар фикрига кўра, уйқунинг “ажали” гаджетлар билан ухлашдан камида 1 соат олдин “хайрлашиш” керак.
Алишер Рўзиохунов тайёрлади.
Мавзуга оид
17:17 / 28.12.2024
Аёллар эркакларга қараганда кўпроқ ухлаши керак — тадқиқот
11:21 / 24.12.2024
Жазирама ҳаво қаришни тезлаштиради — тадқиқот
11:19 / 24.12.2024
Атиги минг қадам юриш депрессия хавфини камайтириши мумкин – тадқиқот
21:30 / 20.12.2024