Жаҳон | 20:15 / 18.12.2022
95021
6 дақиқада ўқилади

“Совуқ ҳеч нарса эмас, билим – ҳамма нарса” – мактабгача 5 км йўл босиб ўтган 8 ёшли болакай ҳикояси

Хитойнинг қаҳрамонига айланган 8 ёшли Ванг Фуманнинг имтиҳон учун қандай йўл босиб ўтгани ва у сабаб мактабга иситиш тизими ўрнатилгани ҳақидаги воқеа билан танишинг.

Фото: AP

Уч йил муқаддам мактаб ўқитувчиси интернетга жойлаган сурат дунё жамоатчилигини ҳаяжонга солган эди. Суратда 3-синф ўқувчиси – сочлари муз (булдуруқ) билан қопланган, ёноқлари қип-қизил бола тасвирланганди. Унга нима бўлганди?

Кичкина болакайнинг кучли иродаси ҳақида ҳикоя

Бошланғич мактаб ўқувчиси Ванг Фуман бувиси ва опаси билан Хитойнинг Юннан провинциясидаги шаҳарчада яшар эди. Бу шаҳарча тоғлар бағрида жойлашган бўлиб, тараққиётдан узилиб қолган жой эди.

Ванг ҳали чақалоқлигидаёқ ота-онаси ишлагани кетишга мажбур бўлади. Отаси уйга 3-4 ойда бир келар, тинимсиз меҳнат қилганига қарамай, кўп пул тополмасди. Оила шундай муҳтожликда яшаганки, фарзандларига оддий бош кийим сотиб олишга ҳам қурби етмаган.

Ванг опаси билан уйининг ёнида

Таълим олиш – қашшоқликдан қутулишнинг ягона йўли

Ванг ҳар куни Чжаотун кичик шаҳарчасидаги мактабга деярли 5 километр (4,8 км) йўлни пиёда босиб ўтади. Тоғда айниқса, январь ойида ҳаво ҳарорати жуда совиб кетади. Имтиҳон топшириладиган кун бўлгани учун Ванг изғиринга қарамай бош кийим ва қўлқопсиз, енгил курткада йўлга тушади.

013-расм. Болакай босиб ўтадиган тоғ йўли

Болакай мактабига етиб келиб, синфига кирганида сабоқдошлари бараварига кулиб юборишади. Чунки унинг сочлари, қошлари ва киприкларида муз қотиб қолган, ёноқлари қип-қизариб кетганди. Ахир 9 даража совуқда бошяланг, юпун ҳолда шунча йўлни босиб ўтишнинг ўзи бўладими?!

Вангнинг худди шу сурати уни машҳур қилди

Изғиринда келганига яраша Ванг Фуман имтиҳонда 100 баллдан 99 балл олган. Бу баллни олиш унга осон бўлмаган, албатта. Чунки, у сурункали ҳипотермиядан азият чеккан. Бу – доимий совуқдан келиб чиққан иссиқлик етишмаслиги касаллиги.

Уй – совуқ, мактаб – совуқ, иссиқ кийими ҳам бўлмаган болакайда иссиқлик етишмаслиги табиий! Касаллик натижасида унинг қўллари шишади ва бармоқларини қимирлатолмай қолади. Шунинг учун Вангга тенгдошларига қараганда ўқиш икки карра қийин.

Мактабда иситиш тизими бўлмагани учун ҳам болалар совуқ кунларда доим қалин кийимларда ўтиришарди. Вангга ўхшаган болалар эса совуқдан азият чекишарди.

“Пекиндаги уйларда битта кўйлакда юрса бўларкан”

Сурати ижтимоий тармоққа жойланганидан сўнг Ванг Фуман бир зумда машҳур бўлиб кетди. Воқеа ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга сабаб бўлди ва одамлар бола учун пул йиға бошлашди. Жами 3 миллион юань йиғилди. Ўша пайтда бу 450 минг доллар эди.

Йиғилган пул мактабга иситиш тизими ўрнатиш, Юннан провинциясининг камбағал болалари учун иссиқ кийим-кечак сотиб олиш ва уйларига иситиш мосламалари ўрнатишга сарфланди.

Вангнинг мактабидаги фан лабораторияси, расм ва компьютер синфлари жиҳозлаб берилди. Шунингдек, спорт анжомлари совға қилинди.

Мактаб ёнида узоқ йўл босиб келадиган Ванг сингари болалар учун иссиқ ётоқхона қурилди. Бу ишга маҳаллий ҳокимлик ҳам бош қўшди.

Чекка ҳудудлардан келган болалар учун мактаб ёнида қурилган янги ётоқхона

Вангни опаси билан пойтахт бўйлаб сайр қилишга олиб келишди. Болакай ҳаётида биринчи марта скутер минди, самолётда учди. У илк бор ўзи ўсган камбағаляа турмуш тарзидан ташқаридаги ҳаётни кўрди. Айниқса, у уйларнинг иссиқ экани, ичкарида қалин кийимларсиз ўтириш мумкинлигидан ғоят хайратланди.

Ванг билан ўтказилган матбуот анжуманида у шундай деганди:

“Пекинда уйлар шунчалик иссиқки, битта кўйлакда юриш мумкин! Уйда биз курткаларда ухлаб, кечаси ҳам кўмир ёқамиз. Бу жуда ажойиб! Буни биринчи марта кўришим”.

Интервьюда Ванг камбағал болаларни совуқдан қутқариш учун пул йиғишга ёрдам берган барчага миннатдорчилик билдирди. Улғайгач, ҳамманинг ҳақини тўлашга ваъда берди. Энди шу ваъдасини бажариш учун ҳам у янада яхшироқ ўқийди.

Бир йилдан кейин…

Хитойда жуда машҳур бўлган Вангни “Муз бола” деб атай бошлашди, у ҳақда телевизорда кўрсатишди, газеталарда ёзишди. Тўсатдан шуҳрат қозонганига қарамай, қаҳрамонимиз “юлдузлик касали”га чалинмади. Унга шунчаки исми билан мурожаат қилишларини хоҳлайди.

Ванг ҳали ҳам ўз мактабига боради, аммо ҳозир йўлни атиги 10 дақиқада босиб ўтади. Чунки, оила энди мактаб ёнида янги, иссиқ уйга эга бўлди. Унинг отаси Кунминг шаҳрида ишга жойлашди ва узоқ вақт бўлмаса ҳам, ойига 3 марта уйга келиши мумкин. Иш ҳақи ҳам харажатларни тўлаш учун етарли. Онаси ҳам уйга қайтишга муваффақ бўлди ва улар янги йилни бирга кутиб олишди.

Ванг ўқийдиган мактаб биноси

Ҳаёт ҳали ҳам осон эмас, лекин аввалгидек қийин ҳам эмас. Улар янада яхшиланишига ишонишади. Фуманлар оиласининг барча аъзоси биргаликда бахтли яшайди. Вангнинг ота-онаси сабзавот экиб, ҳатто бир нечта эчкилар сотиб олишга муваффақ бўлишди.

Дадаси, онаси, опаси ва Ванг эчкиларини ҳайдамоқда

Бу ҳикоянинг охири нақадар хайрли, дунё ҳар бир болага худди шундай меҳр билан муносабатда бўлсин”, — деб ёзади ижтимоий тармоқдаги фойдаланувчилардан бири.

Аммо 21-асрда камбағал қишлоқда туғилгани учун цивилизациянинг элементар имтиёзларисиз ҳамон қашшоқликда ҳаёт кечираётганлар борлиги жуда ачинарли. Бу фақат Хитойда эмас. Ҳар бир мамлакатда, жумладан Ўзбекистонда ҳам шундай оилаларни кўришимиз мумкин. Уларни қашшоқликдан қутқарадиган ёлғиз нажоткор эса илмдир.

Чарос Маннонова тайёрлади.

Мавзуга оид