Жамият | 20:20 / 19.12.2022
17804
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда қизил чироқда ҳаракатланган Damas одам ўлимига сабаб бўлди (видео)

Damas иккита машина билан тўқнашган ва оқибатда Лада машинаси ҳайдовчиси ҳалок бўлган.

Самарқанд вилояти Ургут шаҳридаги Мерганча маҳалласида қизил чироқда ҳаракатланган Damas содир этган ЙТҲда Лада машинаси ҳайдовчиси ҳалок бўлган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса 2022 йил 17 декабр куни 4Р-47 Булунғур-Ургут-М-39 автомобил йўлининг Ургут шаҳри Мерганча маҳалласидан ўтган қисмида содир бўлган.

Damas машинаси ҳайдовчиси қоидаларни бузган ҳолда жуда катта тезликда келган ва светофорнинг қизил чироғига бўйсунмасдан ҳаракатланган. Сўнг рўпарасида қизил чироқда тўхтаб турган Лада машинаси билан тўқнашган.

Оқибатда Лада машинаси ҳайдовчиси ва Damas’да бўлган икки нафар йўловчи шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Лада ҳайдовчиси вафот этган.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур жойда аввал ҳам бир неча марта одам ўлими билан боғлиқ ЙТҲлар содир бўлган ва уларнинг олдини олиш мақсадида светофор ўрнатилганди.

Мавзуга оид