ФИФА президенти жаҳон чемпионатини ҳар уч йилда бир марта ўтказишни таклиф қилди
Аввалроқ, Жанни Инфантино жаҳон чемпионатларини ҳар икки йилда бир марта ўтказишни таклиф қилган, бироқ, кейинчалик бу фикридан қайтган эди.
Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантино жаҳон чемпионатларини ҳар уч йилда бир марта ўтказиш тарафдори.
Daily Mail хабарига кўра, Инфантинонинг ғоясига 18 ноябр куни Қатарда якунланган ЖЧ-2022 мусобақасининг тижорий ва спорт муваффақияти сабаб бўлган. Турнирдан тушган даромад рекорд даражадаги 7,1 миллиард еврони ташкил этди, бу 2018 йилда Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидагидан деярли 1 миллиардга кўпдир.
Қайд қилинишича, 2030 йилгача ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди, чунки ушбу сананинг охиригача халқаро тақвим бўйича музокаралар якунланган.
Ҳозирда жаҳон чемпионатлари анъанавий тарзда ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилмоқда.
Олдинроқ Инфантино жаҳон чемпионатларини ҳар икки йилда бир марта ўтказишни таклиф қилган эди. Бироқ, бу таклиф тақвим тиғизлиги сабаб мутахассислар, мураббийлар ва футболчилар томонидан кескин танқид қилинди.
2026 йилги жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилади. Унда 48 та миллий жамоа иштирок этади. 2030 йилги жаҳон чемпионати мезбони ҳали сайланмади.
Мавзуга оид
20:10 / 02.10.2024
Ўзбекистонлик хоккейчилар илк маротаба жаҳон чемпионатида иштирок этади
11:52 / 06.09.2024
Ўзбекистон ва Британия футбол соҳасида ўзаро алоқаларни ўрнатиш имконини муҳокама қилмоқда
13:42 / 19.08.2024
ДХХ кубоги Республика босқичига қуръа ташланди
22:42 / 16.08.2024