Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия Украинага қарши янги ҳужум масаласида бир қарорга келмади - NYT
Россиянинг юқори ҳарбий доираларида шу қишда Украинага янги ҳужум уюштириш борасида ҳалигача келишувга эришилгани йўқ, деб ёзади The New York Times Давлат департаментининг исми ошкор этилмаган юқори мартабали мулозимига таяниб.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ расмий шахсларнинг ички мунозараларида «қарама-қаршиликларни» кўрмоқда: баъзи ҳарбий раҳбарлар янги ҳужумни талаб қилмоқда, бошқалари эса Россияда бунинг учун салоҳият борлигига шубҳа қилмоқда.
Давлат департаменти расмийсининг қўшимча қилишича, бу ички мунозаралардан Москванинг «ҳақиқий ҳаракатлари» қандай бўлиши ҳозирча аниқ эмас.
Аввалроқ Россия Беларус полигонларидаги танклар, юк машиналар ва шахсий таркибини жанубга, Украина билан чегарага яқинроқ жойга кўчиришни бошлагани маълум қилинганди.
«Белорусский Гаюн» хабарига кўра, 20 декабр куни давомида ҳарбий техникалар Беларус шимоли ва марказидаги полигонлардан жанубга кўчирилган.
13 декабр куни Беларусда президент Лукашенко топшириғига кўра, Қуролли Кучлар жанговар тайёргарлиги режадан ташқари кўрикдан ўтказилди.
Бундан олдин Украина армияси бирлашган кучлари қўмондони, генерал-лейтенант Сергей Наев Беларусда ҳарбий техникалар тўпланиб бораётганини, Украина бунга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган эди.
Россия босқини бошланганидан бери Беларус ва Украина бир-бирини мамлакат ҳудудига ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётганликда айблаб келмоқда. Ҳар иккала мамлакат бу айбловларни ўз разведкаси маълумотларига асослаяпти.