Жаҳон | 00:43 / 21.12.2022
16724
2 дақиқада ўқилади

Швеция Эрдўған сўраган туркиялик журналистни экстрадиция қилишдан бош тортди

Бу Швециянинг НАТО аъзоси бўлиш шартларидан бири эди.

Фото: AP

19 декабр куни Швеция Олий суди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған талаб қилган туркиялик журналист, Today's Zaman газетаси бош муҳаррири, Туркияда 2016 йилдаги исёнга алоқадорликда айбланаётган Бюлент Кенешни экстрадиция қилишни рад этди.

Кенешнинг экстрадиция этилиши Швециянинг НАТО аъзолигига қабул қилиниши учун Туркия томонидан қўйилган шартлардан бири эди.

Олий суд баёнотида агар Кенеш Туркияга қайтарилса, сиёсий қарашларига кўра таъқиб қилиниши хавфи борлиги қайд этилган.

55 ёшли журналист Швециядан бошпана олган. У суд қарорини олқишлади, бироқ мутлақо айбсиз эканини таъкидламоқда.

«Албатта, хурсандман, бу қарор кутилган эди. Аммо мен тўлиқ қониқмадим, чунки улар мени Туркиядаги жиноятларда гумон қилинаётганимни айтишди. Мен умуман жиноят қилмаганман. Бу айбловлар Эрдўған режими томонидан тўқилган уйдирма», деди Кенеш.

Унинг таъкидлашича, Эрдўған адлия тизимини суиистеъмол қилишга уринишда давом этади.

Туркиялик журналист Бюлент Кенеш 2015 йил октябр ойида Эрдўғанни ҳақорат қилгани учун ҳибсга олинган ва ижтимоий тармоқда президентни танқид қилганликда айбдор деб топилиб, 21 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Кейинчалик у газетанинг бошқа 46 собиқ ходими билан бирга яна ҳибсга олинди, улар 2016 йилдаги қатағон тўлқинига тушиб қолишди. Шундан сўнг у Швецияга кўчиб ўтди.

The Guardian хабарига кўра, Туркия Швециядан умумий ҳисобда 73 кишини экстрадиция қилишни сўрамоқда. Талаб қилинганларнинг камида 1 нафари экстрадиция қилинган. Anadolu агентлиги хабарига кўра, у Махмут Тот бўлиб, Туркияда Қурдистон ишчи партиясига алоқадорликда айбланиб, сиртдан 6 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Туркия ушбу партияни террорчи ташкилот деб ҳисоблайди. Тот 2015 йилда Швециядан бошпана сўраган, аммо рад жавобини олган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид