Путин россияликларнинг 99,9 фоизи «ватан манфаати йўлида борини беришга тайёрлиги»ни айтди
РФ президенти Владимир Путиннинг фикрича, россияликларнинг аксар қисми ўз мамлакати учун «борини беришга» тайёр. Бу ҳақда у «Россия 1» телеканалининг «Москва. Кремль. Путин» дастурида бошловчининг Путинни бу уруш давомида нима ҳайратга солгани ҳақидаги саволига жавобан айтиб ўтди.
«Кимдир ўзини ҳақиқий ватанпарвардек тутмаганининг ажабланарли жойи йўқ. Чунки ҳар қандай жамиятда авваламбор шахсий манфаатини, қандайдир шахсий режаларини ўйлайдиганлар топилади. Мен, тўғрисини айтаман, уларни айбламайман. Ҳар бир инсон танлов ҳуқуқига эга.
Аммо ватан манфаати йўлида борини қўйишга тайёр бўлган халқимиз, одамларимизнинг 99,9 фоизи ҳақида гапирсак, бу ўринда мен учун ғайриоддий нарса йўқ. Бу шунчаки мени Россия алоҳида мамлакат эканига яна бир бор ишонтирди. Бизда алоҳида инсонлар яшайди. Бу Россиянинг бутун тарихи давомида тасдиқланган, бугун ҳам яна бир бор шундай бўлмоқда», деган у.
У шунингдек Украинадаги урушдан мақсад рус халқини бирлаштириш эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия 2014 йилдаги «давлат тўнтариши»дан кейин Украинада яшовчиларни «ҳимоя қилиш»га мажбур бўлган. У бу уруш замирида «геосиёсий рақибларнинг Россияни, тарихий Россияни ажратиб олишга қаратилган сиёсати» ётгани ҳақида гапирди.
«Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил. Улар ҳар доим шундай қилишга ҳаракат қилган ва ҳозир ҳам бунга интилмоқда. Бизнинг мақсадимиз эса бошқа нарса — рус халқини бирлаштириш», дейди у.
- Декабр ойи бошида 2022 йилда Владимир Путиннинг 10 йил мобайнида, ҳар йили декабр ойида ўтказиб келинган катта матбуот анжумани ўтказилмаслиги маълум бўлганди. Буюк Британия мудофаа вазирлиги разведкаси хабар беришича, матбуот анжуманини унда Россиянинг Украинага босқини бўйича «ноқулай саволлар» берилиши хавфи борлиги туфайли бекор қилишган. Шу ҳафтада Кремл 2022 йилда Путин Федерал кенгаш қаршисида ҳам чиқиш қилмаслигини маълум қилди.
Мавзуга оид
21:09 / 05.11.2024
Сайловдан кейин Америка Россия ва Украинага нисбатан сиёсатини ўзгартирадими?
15:30 / 05.11.2024
Зеленский: Октябрда Украинага 2 мингдан ортиқ дрон ҳужум қилди
14:50 / 05.11.2024
Жанубий Корея Украинага кузатувчилар ва таҳлилчилар гуруҳини юбориш имконини кўриб чиқмоқда
11:10 / 05.11.2024