Жаҳон | 23:45 / 26.12.2022
17059
3 дақиқада ўқилади

«Шимолий оқим» газ қувурини таъмирлаш харажатлари маълум бўлди 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, портлатиб юборилган газ қувурини таъмирлаш харажатлари 500 миллион доллардан бошланади. 

Фото: Reuters

Шикастланган «Шимолий оқим» газ қувурини таъмирлашнинг тахминий қиймати 500 миллион доллардан бошланади, деб ёзди The New York Times.  

Қувурга хизмат кўрсатувчи Nord Stream AG компанияси сентябр ойида портлатилган қувурни таъмирлаш харажатларини ҳисоблаб чиқмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, таъмирлаш камида 500 миллион долларга тушади. 

Бу иш билан шуғулланувчи маслаҳатчилар портлашдан зарар кўрган қувурлар шўр денгиз суви таъсирига қанча вақт бардош бера олишини ҳам ўрганмоқда. 

Аввалроқ Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак «Шимолий оқим» тизимини тиклаш имкониятлари топилишини айтган эди. «Бундай бахтсиз ҳодисалар ҳеч қачон бўлмаган. Албатта, инфратузилмани тиклаш учун техник имкониятлар мавжуд, бунинг учун вақт ва тегишли маблағ керак», — деди Новак октябр ойида. 

«Газпром» ҳам ечимларни излай бошлаганини эълон қилди. «Ҳозирда муддатларни тахмин қилишнинг иложи йўқ. Ишонч билан айта оламизки, бу жуда қийин техник вазифа», деган эди компания вакили. 

«Шимолий оқим 1» ва «Шимолий оқим 2» қувурлари Болтиқ денгизи туби бўйлаб Россиядан Германиягача ётқизилган. Уларнинг ҳар бири икки линиядан иборат бўлиб, йилига 55 миллиард куб метр газни етказиш учун мўлжалланган. Биринчиси бўйича газ етказиб бериш 2011 йилда бошланган, иккинчиси эса ҳеч қачон ишга туширилмаган.  

Сентябр ойи охирида тўртта «Шимолий оқим» линиясидан учтаси портлаш оқибатида шикастланди. Россия президенти Владимир Путин диверсияда «англо-саксонлар»ни айблади. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бу айбловларни «абсурд» деб атади. 

НАТО қувурлар «қасддан содир қилинган қўпорувчилик ҳаракати» оқибатида шикастланганини маълум қилди. Швеция хавфсизлик хизмати дастлабки тергов натижаларига кўра, қувурларга зарар етказишнинг эҳтимолий сабаби портлаш деб атади. Аммо авария бўйича дастлабки тергов натижаларини Россия билан баҳам кўришдан бош тортди. 21 декабр куни дипломатик ва разведка хизматлари вакилларидан интервью олган The Washington Post нашри Ғарб расмийлари қўпорувчилик ортида Россия турганига оид далил топа олмагани ҳақида ёзган эди. 

Мавзуга оид