Ўзбекистон | 17:12 / 27.12.2022
21408
3 дақиқада ўқилади

“Профилактик суҳбат ўтказяпмиз деб одамларни бесамар ушлаб туриш керакмас” – Танзила Норбоева

Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан рад қилинди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилиб, рад қилинди. Бунга бир қатор сабаблар келтирилди. Бу ҳақда Сенат мажлисида иштирок этаётган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Хусусан, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов қонундаги қатор нормалар амалдаги бошқа қонунлар, хусусан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан боғлиқ бўлган қоидаларга номувофиқлиги ҳақида гапирган:

 “Мисол учун, қонуннинг 19-моддасида соғлиқни сақлаш муассасаларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари сифатида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар ўртасида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек, психоактив моддалар истеъмол қилинишининг профилактикасига доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, алкоголь таъсирида маст ҳолатда бўлган ёки психоактив моддалар таъсири остида бўлган, шунингдек, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларида сақланишига монелик қиладиган касаллиги бўлган ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни кеча-кундуз қабул қилиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш белгилаб берилмоқда.

Бироқ Сенатнинг бугунги ялпи мажлисида муҳокама қилиш режалаштирилган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунда йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар тўғридан-тўғри таъсир этиш субъектлари сифатида белгиланган. Бизнингча, ҳар иккала қонундаги мазкур ўзаро номувофиқлик бартараф этилиши зарур”, — дея таъкидлаган сенатор.

Сенат раиси Танзила Норбоевага кўра, қонун қанчалик долзарб бўлмасин, рад этилиши унинг ижроси билан боғлиқ амалиётда юзага келиши мумкин бўлган жиддийроқ муаммоларнинг олдини олади.

“Бу қонун инсон ҳуқуқлари, манфаатлари, қадр-қимматига бевосита дахлдор. Мана, масалан, профилактика суҳбати, деган тушунча белгиланяпти. Жуда яхши амалиёт. Лекин, бундай суҳбат қанча вақт давом этиши керак, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Профилактик суҳбат ўтказяпмиз, деб одамларни бесамар ушлаб туриш ёки бўлмаса вақтини олиш мутлақо нотўғри. Ваҳоланки, кўпгина давлатларнинг мазкур йўналишга оид қонунчилигида бу жиҳатлар аниқ кўрсатилган. Шу каби айрим нормалардаги камчиликларга кўз юмиб бўлмайди. Қонуннинг шу кўринишда қабул қилиниши эртага янада жиддийроқ муаммоларга сабаб бўлиши мумкин”, — дея фикрини асослаган Сенат раиси.

Мавзуга оид