16:56 / 28.12.2022
6607

«Uzbekistan Airways»: декабрда самолётлар 58 марта бошқа аэропортларга йўналтирилган

Фото: KUN.UZ

26 декабр ҳолатига кўра, «Uzbekistan Airways» 1 минг 957 та авиақатновни амалга оширган, шунинг ярмидан кўпи, 1 минг 136 таси кечиктирилган. Ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ҳаво кемалари 58 марта мажбурий равишда бошқа аэропортларга йўналтирилган.

«Uzbekistan Airways» АЖ ахборот хизмати раҳбари Камола Икромованинг АОКАда ўтган брифингда айтишича, бундай ҳолатлар Навоийда 13 марта, Наманганда 8 марта, Бухорода 3 марта, Самарқандда 14 марта, Тошкентда 10 марта, Фарғонада эса 7 марта кузатилган.

Шунингдек, авиакомпания матбуот котиби ноябрда 2 минг 290 та авиақатнов амалга оширилгани, шундан 925 таси кечиктирилганини маълум қилди. Қайд этилишича, парвозлар 2 та асосий сабаб билан кечиктирилади ёки умуман амалга оширилмайди.

«Булардан бири – авиакомпания сабаб, яъни ҳаво кемаси техник хизмат кўрсатишга муҳтожлиги, ҳаво кемасининг белгиланган манзилдан кеч етиб келгани, авиакомпания томонидан рейс бекор қилинишидир. Иккинчи сабаб эса ноқулай об-ҳаво шароити, яъни кучли ва қум шамоли, қаттиқ туман, кучли қор бўрони, маҳаллий аэропортларнинг вақтинчалик ёпилиши ҳисобланади», деди у.

«Uzbekistan Airways» томонидан кечиктирилган ёки бекор қилинган ҳолларда йўловчиларга 2 соатдан юқори бўлган кутиш вақтида сув, 4 соатдан 6 соатгача бўлган кутиш жараёнида иссиқ таом тақдим этилади. Агар кутиш вақти кундузи 12 соатдан, кечаси 6 соатдан ошса, йўловчилар меҳмонхона ҳамда иссиқ овқат билан таъминланади.

«Ноқулай об-ҳаво шароити сабаб авиақатновлар кечиктирилган ёки бекор қилинган ҳолларда эса йўловчилар авиачипталарнинг тўлиқ қийматини чипта сотиб олинган жойда қайтариб олишлари ёки бошқа санага бепул қайта бронлаш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилаётган рейсларнинг учиб келиш терминали турли сабабларга кўра ўзгарса, йўловчилар авиакомпания томонидан ўз манзилларига ер транспорти орқали етказиб қўйилади. Агар бу жараён амалга оширилмаса, йўловчиларга авиакомпания томонидан авиачипта тариф тури ва етиб бориш манзилидан келиб чиққан ҳолда 25% миқдорида компенсация тўланади. Хорижий мамлакатлардаги қўниш терминали ўзгарган ҳолларда авиакомпания йўловчиларни ўз манзилларига етказиб қўйишга жавобгар ҳисобланади», дейилади расмий изоҳда.

Top