Жаҳон | 08:10 / 29.12.2022
14306
3 дақиқада ўқилади

NYT: Украина қуролли кучлари Кременнаяни деоккупация қилишга яқин

Украина ҳарбийлари Луҳанск вилоятидаги Кременная шаҳрини қайтаришга яқин турибди, деб ёзади The New York Times. Британия разведкаси маълумотларига кўра, айни пайтда рус қўшинлари шаҳар ҳудудида мудофаа чизиғини кучайтирмоқда.

Фото: AFP

Украиналик ҳарбийлар Луҳанск вилоятининг Кременная шаҳрини қайтаришга яқинлашди, деб ёзади 28 декабрь, чоршанба куни Американинг The New York Times (NYT) газетаси. Айни пайтда Россия қўшинлари Кременная ҳудудида мудофаа чизиғини мустаҳкамламоқда. Худди шундай баҳолар Британия Мудофаа вазирлиги томонидан шу куни чоп этилган Британия разведкасининг қисқача ҳисоботида ҳам келтирилган.

Кременная - Донбасснинг муҳим саноат марказлари бўлган Северодонецк ва Лисичанскни ҳужум ва озод қилиш учун «дарвоза» бўлиб, Россия уни шиддатли ёзги кампаниядан сўнг эгаллаб олган, дея таъкидлайди NYT. «Украина шарқидаги Кременная назоратини қўлга олиш Украинанинг йирик шаҳарларини қайтариб олиш кампаниясида яна бир қадам бўларди», деб ёзади газета.

NYT руслар томонидан қурилган мудофаа иншоотларига ишора қилади. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги буни тасдиқлади: «Россия бу ҳудудда кенг қамровли янги мудофаа иншоотлари қурди ва эҳтимол олдинги чизиқни ушлаб туришга устувор аҳамият беради». Кременная аҳоли пункти Донбассдаги Россия фронти учун катта логистика аҳамиятига эга, шунингдек, Британия разведкасининг таъкидлашича, Луҳанск вилоятидаги стратегик аҳамиятга эга шаҳар ҳисобланади.

Украина ОАВ хабар беришича, 27 декабрь куни Украина президенти Володимир Зеленский Олий бош қўмондонлик штаб-квартирасининг йиғилишида ҳарбийлар билан Бахмут ва Кременная яқинидаги вазиятни муҳокама қилган. Украина раҳбарининг сўзларига кўра, вазият Украина ҳарбийларидан «максимал куч ва концентрацияни» талаб қилмоқда. «У ерда вазият оғир, азобли», деди Зеленский.

27 декабрь куни Луҳанск вилояти ҳарбий маъмурияти раиси Сергей Гайдай Кременная яқинидаги РФ Қуролли кучлари жуда катта миқдордаги захира ва техникага эга эканлигини таъкидлади. «Ҳамма нарсани миналаш учун вақт бор эди. Шунинг учун ҳар бир метр жуда қийин, аммо барибир бизнинг қўшинларимиз аста-секин олға интилмоқда», - деди Гайдай.

Мавзуга оид