Ўзбекистон | 19:37 / 30.12.2022
30398
3 дақиқада ўқилади

“Док-1 Макс” тўғрисидаги хат ҳақиқатан ҳам кеч берилганми? – шу каби саволларга изоҳ берилди

«Док-1 Макс» воқеаси ортидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги етти нафар масъул ходимни ишдан олганини хабар қилди. Кейинчалик маълум бўлдики, ўша етти масъулнинг икки нафари айнан “ўлим дориси” фош этилишига сабаб бўлган Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг раҳбари ва етакчи шифокорларидан бири бўлиб чиқди. 

Вазирлик ушбу ҳолатни "Док-1 Макс” тўғрисидаги хат жуда кеч берилгани билан изоҳлади.

Kun.uz журналисти Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, бош врач ўринбосари Дилшод Раҳмоновдан шу каби саволларга изоҳ олди.

Раҳмоновга кўра, бир йил давомида буйрак етишмовчилиги билан элликдан ортиқ бола мазкур шифохонада даволаниб чиққан. Одатда вафот этган беморларнинг қандай дориларни қабул қилгани таҳлил қилиб борилади. "Док-1 Макс” сиропини қабул қилган илк бола ўлими сентябр ойида кузатилган. Октябр ойида тўрт, ноябр ойида тўққиз нафар бола шифохонада нобуд бўлган. Ушбу ҳолатлар муассаса ходимларини шубҳалантирган ва таҳлиллар натижаси билан декабр ойига келиб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига хат чиқарилган. Йирик дори ишлаб чиқариш компанияси ҳақидаги ҳар қандай шубҳа-гумонлар ёки салбий хулоса бериш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги инобатга олингани сабабли икки ойги таҳлиллар хат қилиб чиқарилган. Нобуд бўлган болалар ичида бошқа вилоятларда истиқомат қилганлари ҳам кўпчилик.

Дилшод Раҳмонов

“Одатда буйрак етишмовчилиги сабаб бир сутка давомида пешоб чиқармаган боланинг ҳаётини сақлаб қолиш тиббиётда муаммо ҳисобланади. Бизнинг марказимизга келган болажонлар камида икки кундан бир неча кунгача пешоб чиқармаган. Бизга келгунича ҳам бошқа шифохонада даволанганлар бор. Биз бор имкониятларимизни ишга солганмиз.

Хусусан, нобуд бўлган болаларнинг тиббий экспертиза қилинмагани сабабига келсак, уларнинг ота-оналари жиддий қаршилик кўрсатишган. Бундай амалиётга розилик беришмаган. Биз ҳар бир боланинг ўлими бўйича тегишли идораларга вақтида хабар берганмиз”, - дейди Дилшод Раҳмонов.

Раҳмонов “Док-1 Макс” сиропи сотувдан олиб ташланганидан буён бундай шикоят билан марказга бошқа бемор келмаганини маълум қилди. Айни вақтда 23 декабр куни марказга ётқизилган қашқадарёлик боланинг аҳволи бироз яхшилангани айтилди.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид