Жаҳон | 22:58 / 01.01.2023
14070
2 дақиқада ўқилади

Манба: Зеленский БМТ резолюциясида Исроил фойдасига овоз беришни рад этган

Украина президенти Володимир Зеленский БМТнинг Фаластин ҳудудини босиб олгани учун Исроилни қораловчи резолюциясида Исроил фойдасига овоз беришни рад этган. Бу ҳақда АҚШнинг Axios нашри хабар бермоқда.

Фото: Зеленскийнинг расмий Telegram-канали

Ноябр ойида Фаластин ўзига тегишли Иордан дарёси ғарбий соҳилини Исроил босиб олганига ҳуқуқий баҳо бериши учун Ҳаага халқаро судига мурожаат қилмоқчи эканини маълум қилганди. 30 декабр куни БМТ буни қўллаб қувватлади. Исроил ҳаракатларини қораловчи резолюцияни 87 давлат қўллаб-қувватлаган, 26 давлат қарши чиққан, 53 давлат овоз бермаган.

Axios нашрининг ёзишича, Исроилнинг янги (умумий ҳисобда олтинчи марта бу лавозимни эгалламоқда) бош вазири Бенямин Нетаняҳу БМТдаги овоз бериш жараёни олдидан Украина президенти Володимир Зеленскийга қўнғироқ қилган ва резолюцияга қарши овоз беришини сўраган. Зеленский эса бунинг эвазига Исроил Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини бериш-бермаслигини сўраган.

Украина анчадан буён Исроилнинг бу борада синовдан ўтган «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини беришини сўраб келади. Экспертларнинг фикрича, Сурия ҳукуматига таъсир ўтказа оладиган Россия билан муносабатлари ёмонлашувидан қўрқадиган Исроил бу қуролларни Украинага беришдан ҳайиқиб келади.

Хабарда ёзилишича, Исроил бош вазири бу борада аниқ жавоб бермагани учун яҳудий миллатига мансуб Зеленский дипломатларига овоз беришдан тийилишни буюрган ва шу тариқа Нетаняҳунинг Исроил фойдасига овоз бериш бўйича илтимосини рад этган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид