Қамашидаги бозор кўчишидан норози бўлган фуқаролар жанжал кўтарди
Қамаши туманида бир гуруҳ фуқаролар бозор кўчирилишига эътироз билдириб, мутасадди ташкилот вакиллари билан зиддиятга боргани ҳақида хабар қилинди.
Kun.uz ихтиёрига келиб тушган видеотасвирларда айрим фуқаролар ички ишлар ходимлари билан тортишаётгани акс этган. ИИБга тегишли автомашинани тепишганига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.
Маълум бўлишича, ушбу воқеа 2023 йил 2 январ куни содир бўлган.
Қамаши туман ҳокимлиги ахборот хизмати берган маълумотга кўра, “Қамаши Файз деҳқон бозори” МЧЖ 1989 йилда ташкил қилинган. Мазкур бозор йиллар давомида таъмирталаб аҳволга келиб, замон талабига жавоб бермай қолган. Шу сабабли “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги”президент қарорига асосан бозор ҳудудини кўчириш ва уни ривожлантириш кўзда тутилган. Ушбу масала туман кенгаши сессиясида ҳам кўриб чиқилган. Ҳозирги вақтда янги бозор қурилиш ишлари 90-95 фоизга бажарилган, асосий бино-иншоотлар қуриб бўлинган.
Ҳокимлик ахборот хизмати раҳбарининг қўшимча қилишича, масъул ташкилотларга қаршилик кўрсатган фуқаролар асосан бозор ҳудудидаги ёйма дўкон эгалари бўлган.
Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. ИИБга кўра, 2 январ куни, соат 10:30 да Қамаши тумани ҳокими ўринбосари М.Н. ва бозор раҳбари А.А. ҳудудга келиб, ободонлаштириш ишларининг боришини назорат қилган. Бозор атрофига бетон ариқ ўрнатиш мақсадида экскаватор ишлаётган вақтда фуқаролар жанжал чиқарган.
Жанжал вақтида фуқаролар З.Т. ва Н.Б. ҳоким ўринбосарини қасддан бир неча маротаба уриб, экскаватор ойнасига тош отиб синдириб, бозор раҳбарига тегишли Nexia-2 машинасига зарар етказиб, фуқароларни фаол қаршилик кўрсатишга жалб қилган.
Тарқалган видеоларда фуқаро кийимида бўлган бир йигитнинг чўнтагидан пичоқ топилгани ҳам тасвирга тушган. Бозор кўчирилишига қарши бўлганлар ўша одам ўзларига пичоқ билан таҳдид қилганини айтган. Қамаши тумани ҳокимлиги ҳамда вилоят ИИБ чўнтагидан пичоқ топилган одам ҳокимликда ишламаслигини айтиб, у ҳақида ортиқ изоҳ бермади.
Мавзуга оид
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
11:30 / 01.11.2024
Тошкентда йўл талашган ҳайдовчилар ўзаро жанжаллашди
08:00 / 07.10.2024
Тошкентдаги Ибн Сино бозори биноси сотувга қўйилди
23:04 / 13.09.2024