22:47 / 06.01.2023
29316

Абрамович урушдан бироз олдин бойлигини болаларига расмийлаштиргани маълум бўлди 

Россиялик олигарх 4 миллиард долларлик мулкини фарзандларига расмийлаштириб берган. 

Фото: Guardian Design/Getty/Reuters/Rex/Shutterstock

Россиялик ишбилармон Роман Абрамовичнинг 4 миллиард долларлик мол-мулкига эга бўлган трастлар Украинадаги уруш бошланишидан бироз олдин фарзандлари номига расмийлаштирилган. Бу ҳақда The Guardian хабар берди. 

Абрамович манфаатларини кўзлаб яратилган ўнта махфий оффшор траст 2022 йил феврал ойи бошида, Украинада қуролли можаро бошланишидан уч ҳафта олдин тезкор қайта ташкил этилган. Бундан сал олдин Ғарб ҳукуматлари агар Россия қўшинлари Украинага кирса, россиялик олигархларга нисбатан санкциялар қўллаш билан таҳдид қилган эди. 

Ҳужжатларга киритилган ўзгартиришларга кўра, Абрамовичнинг етти нафар фарзанди (энг кичиги тўққиз ёшда) ушбу трастларнинг бенефициарига айланган. Ушбу активларнинг қиймати камида 4 миллиард долларни ташкил этади. Forbes маълумотларига кўра, Абрамовичнинг умумий бойлиги 8,7 миллиард долларга тенг. 

The Guardian нашрининг ёзишича, ўзгаришлар Абрамович фарзандларини ҳашаматли кўчмас мулк, яхталар, вертолётлар ва шахсий самолётларнинг сўнгги бенефициар эгасига айлантирган. 

Нашрнинг қайд этишича, трастлар эгасининг ўзгартирилиши Ғарб давлатлари томонидан Абрамовичга тегишли деб ҳисобланган активларни музлатишга бўлган уринишларга барҳам бериши мумкин. 

Мисол учун, ўтган йилнинг декабр ойида Канада ҳукумати россиялик тадбиркорга алоқадор деб ҳисобланган Granite Capital Holdings Ltd. компаниясидан 26 миллион доллар мусодара қилишини айтган эди. Бироқ, ҳужжатларга кўра, Абрамович ушбу компания бенефициари эмас. Бу жойни унинг фарзандлари эгаллаган. 

Россия, Исроил ва Португалия фуқаролигига эга Абрамович АҚШ санкциялари рўйхатига киритилмаган. Хабар қилинишича, Украина ҳукумати тадбиркорнинг тинчлик музокараларида норасмий воситачи бўлганидан кейин Оқ уйдан унга нисбатан санкциялар қўлламасликни сўраган. 

Абрамовичга қарши санкциялар Буюк Британия ва ЕИ томонидан 2022 йил март ойида киритилган. Абрамович Кремл билан молиявий алоқалари борлигини рад этади ва унга нисбатан ЕИ санкцияларини бекор қилиш учун судга даъво аризаси киритган.

Top