Жаҳон | 19:42 / 06.01.2023
26228
3 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин қизини ворис сифатида тайёрламоқда - ОАВ

Шимолий Корея раҳбари сўнгги пайтларда қизи билан турли тадбирларда кўриниш бера бошлаганининг сабаби шу бўлиши мумкин.

Фото: Reuters

КХДР етакчиси Ким Чен Ин қизини ворис сифатида тайёрламоқда. Бу ҳақда The New York Times газетаси материалида айтилади.

Газетанинг ёзишича, охирги пайтларда Ким Чен Ин қизи билан тез-тез омма олдига чиқа бошлаган. Гарчи ҳозирча хорижлик экспертларнинг ҳеч бири унинг исми-шарифи ва неча ёшда эканини аниқ айта олмаса ҳам, унинг тўсатдан оммавий PR қилиниши КХДР раҳбари ўзига ворис сифатида тайёрлаётганини англатиши мумкин.

Ноябр ойида Шимолий Корея давлат матбуоти Ким Чен Ин ва унинг қизи ракета синови ўтказилаётганини бирга томоша қилишгани тасвирланган суратни чоп этган эди. Янги йил арафасида ота ва қиз биргаликда ядровий ракета иншоотига боргани ҳақида фотосуратлар эълон қилинди.

Кейинчалик Жанубий Корея Миллий разведка бошқармаси ёш қизчанинг Ким Чжу Э эканини аниқлади.

У ҳақида 2013 йилда Шимолий Кореяга борган машҳур америкалик баскетболчи Деннис Родман айтиб берган. Ким Чен Ин баскетболни жуда яхши кўради ва Родманга катта эҳтиром кўрсатган эди. Родманнинг айтишича, у ҳатто қизни қўлида кўтариб олган.

Чжу Э омма олдида чиққанидан сўнг, Пхенян биринчи марта Ким Чен Иннинг фарзанди борлигини тасдиқлади. Бундан олдин Шимолий Корея матбуотида унинг фарзандлари тўғрисида умуман маълумот берилмаган эди.

Жанубий Корея разведкаси Ким Чен Ин уч нафар фарзандга эга эканини даъво қилмоқда. Каттаси ўғил бўлиши мумкин. Чжу Э - иккинчи фарзанд ва тахминан ўн ёшда. Кенжа фарзанднинг жинси ва ёши номаълум.

Жанубий Кореядаги Сёжонг институтида узоқ вақтдан бери Ким оиласи бўйича тадқиқотчи бўлиб ишлаган Чон Сон Чан сўзларига кўра, фотосуратлар, эҳтимол, кореяликларга Ким Чжу Э ворис бўлишини кўрсатиш учун пухта ишлаб чиқилган дастурнинг бир қисми.

2016 йилда Жанубий Кореяга қочган Шимолий Кореянинг собиқ дипломати ва ҳозирда Сеулда депутат бўлган Тэ Ён Ҳо журналистларга КХДР маълум бир болани кўкларга кўтаришни бошлаганида, дунё Ким ўз ўрнига ўринбосар танлаганини билишини айтган эди. Ким Чен Иннинг ўзи ҳам худди шундай тарзда ҳокимиятга келган.

Мавзуга оид