Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда икки ёшли қизалоқ нотўғри эмлангани сабаб фалаж бўлиб қолгани айтилмоқда
Кўкдала туманида икки ёшли қизалоқ шамоллаган бўлса-да ҳудудий поликлиникада эмлангани, бир муддат ўтиб унда фалажланиш кузатилгани ҳақида хабар берилди.
Қизалоқнинг отаси Сирожиддин Раззоқов Kun.uz билан суҳбатда фарзанди эмлангунга қадар жисмоний ривожланиши тенгдошлари қатори бўлгани, жиддий касалликка чалинмаганини айтмоқда.
“2022 йилнинг 22 ноябр куни қизим Самира Фурқатовани онам яшаш ҳудудимиздаги поликлиникага олиб борган. Унда бироз шамоллаш бўлгани сабабли онам эм дори салбий таъсир қилмайдими, деб шифокорлардан сўраган. Улар болага ҳеч қандай зарари йўқлигини айтиб, эмлаб юборишган.
Чопқиллаб юрган қизим уйга келганидан сўнг бир неча кун давомида иссиғи тушмади. Биз шамоллаш бўлса керак, деб Чироқчи тумани, Самарқанд шаҳридаги тиббиёт муассасаларида даволатдик. Бироқ аҳволи ўнгланмади. Шундан сўнг Тошкент шаҳридаги Болалар миллий тиббиёт марказида даволанди. У ерда қизимга Гиена-Барре синдроми ташхиси қўйилди.
Ушбу хасталикда инсоннинг иммун тизими периферик асаб тизимига ҳужум қилиб, мушаклар заифлашувига, оёқ ёки қўлларда сезувчанлик йўқолишига сабаб бўларкан. Қизимда ҳозир айнан шундай жараён кетяпти. Кўплаб шифокорларга мурожаат қилиб, касаллик ҳақида суриштирдик. Қизим нотўғри эмлангани учун ушбу касаллик юзага келган бўлиши мумкинлигини айтишяпти. Айнан эмланганидан кейин қизимнинг иссиғи тушмагани сабабли бир неча марта ҳудудий поликлиникага, Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилдик. Аммо ҳеч қандай жавоб бўлмади. Соғлом юрган фарзандимиз эмланганидан сўнг икки ой ичида юролмай қолди”, – дейди Сирожиддин Раззоқов.

Самира Фурқатова даволаниши учун шу пайтгача 30 миллион сўмга яқин маблағ сарфланган. Оила мол-қўйларини сотишга мажбур бўлганини айтмоқда.
Биз Кўкдала туман тиббиёт бирлашмасидан ҳолат бўйича изоҳ сўрадик. Бирлашма Самира Фурқатова ҳозирги вақтда Болалар миллий тиббиёт марказида даволаниб келаётгани, унинг ҳолати ижобий томонга ўзгараётганини маълум қилган.
“Беморда кузатилган бу касаллик эмлаш асорати эмас, балки эмлаш яширин ҳолдаги касаллик ривожланишига сабаб бўлган”, – демоқда Кўкдала туман тиббиёт бирлашмаси.
Бола шамоллаган пайтда уни қизамиққа қарши эмлаш мумкинми, деган савол жавобсиз қолдирилди.
Кўкдала туман ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу оиланинг ижтимоий ҳолати бориб ўрганилгани ва ҳокимлик томонидан зарур ёрдам кўрсатилишини маълум қилди.

Ҳудудий поликлиника шифокорлари қанчалик қонунга мувофиқ ҳаракат қилгани, қизалоқнинг ҳозирги ҳолатига шамоллаган пайтда эмлангани қай даражада таъсир ўтказгани юзасидан соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят прокуратурасига мурожаат қилинган. Қизалоқнинг яқинлари ҳозирча икки ташкилот ҳам мурожаатга ҳеч қандай жавоб қайтармаганидан норози бўлмоқда.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
15:20
Эски сандиқдан топилган британча сурат: Дулси хоним излаган Боқижон Акрамов Бухоро ва Қашқадарёдан топилди
19:37 / 04.06.2026
Қашқадарёлик эшак гўшти савдогари: у уч ойда икки бор судланди
08:29 / 26.05.2026
Қашқадарёда ИИБ ходими пора билан ушланди
19:41 / 20.05.2026