Ўзбекистон статистика портали – CИАТ ишга тушди
Статистика қўмитасининг Kun.uz’га маълум қилишича, stat.uz’дан фарқли тарзда порталдан фойдаланиш осон, тушунарли бўлиб, тизим бошқа вазирлик, идоралар билан интеграция қилинган.
«Статистика» интеграллашган ахборот тизими (СИАТ) яратилди ҳамда унинг негизида siat.stat.uz Ўзбекистон статистика портали ишга туширилди, деб хабар бермоқда Статистика қўмитаси.
Хабар қилинишича, портал расмий статистика маълумотлар ягона базасини шакллантиради, маълум бир давр бўйича маълумотларни электрон форматларда олиш имкониятини яратади.
Маълумотларни қидириб топиш вақти 5-10 баробарга, алоҳида сўровлар асосидаги интеграция қилиш вақти эса 10 кундан 1 кунгача қисқартирилган.
«Бу халқаро ташкилотлар, жумладан, Open Data Watch ташкилоти экспертлари томонидан ижобий баҳоланди. Портални ишлаб чиқишда Япония, Ҳиндистон, Туркия, Озарбойжон, Россия, Беларус, Қозоғистон ва бошқа ривожланган давлатларнинг тажрибаси ўрганилган», – дейилади расмий хабарда.
Ҳозирда СИАТ ахборот тизимида 19 та йўналишда жами 1 700 дан ортиқ расмий статистик кўрсаткичлар, 10 йиллик динамик қаторларда, шунингдек, 30 йиллик макрокўрсаткичлар 5 йиллик кесимда фойдаланувчиларга қулай ва бепул шаклда юклаб олиш учун 3 хил (Excel, PDF ва JPG) форматда ҳамда мустақил равишда интеграция қилиш учун 3 хил (CSV, JSON ва XML) форматда жойлаштирилган. Маълумотлар доимий янгиланиб борилади.
Статистика порталидан ўзбек, рус ва инглиз тилларида фойдаланиш мумкин.
Порталда маълумотларни интерактив график, гистограмма ва диаграммалар кўринишида солиштириш, шунингдек, рейтинг шакллантириш ва кўрсаткичлар ўртасидаги муносабатларни белгилаш модуллари жорий этилган.
«CDMX стандарти асосида ҳар бир статистик кўрсаткич бўйича метамаълумотларнинг тизимга жойлаштирилганлиги фойдаланувчиларга кўрсаткич биринчи бор эълон қилинган, янгиланган сана, унинг бирламчи манбаси, ҳисоблаган орган ва услубиёти, масъул бўлинма ва ходим тўғрисида ҳамда шу каби бошқа маълумотларни олиш имконини беради», – дейилади расмий хабарда.
Stat.uz ҳам ишлашда давом этадими?
Давлат статистика қўмитасининг расмий статистик маълумотларни эълон қилиб борувчи stat.uz веб-сайти 2006 йилда ишга туширилган. 2019 йилда эса сайт янги версияда ишлай бошлади. Stat.uz веб-сайтига қўмита томонидан тайёрланган статистик маълумотлар, ойлик, чораклик, йиллик пресс-релизлар, докладлар ҳамда статистик нашрлар, фото материаллар, видеоролик ва бошқа фаолиятга оид қизиқарли янгиликлар жойлаштириб борилади.
Қўмита матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, статистика портали ишга тушиши билан stat.uz ҳам фаолиятини давом эттиради. Энди ҳар икки манба расмий статистик маълумотларни бериб боради.
«Янги статистика порталида биз фойдаланувчиларга маълумотларни тез ва қулай олишини кўзладик. Stat.uz’да маълумотлар жадвал тарзида бериб борилса, CИАТ портали статистикаларни интерактив график, гистограмма ва диаграммалар кўринишида солиштириш имконини беради», деди қўмита матбуот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов.
Мавзуга оид
11:51 / 03.11.2024
Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони маълум қилинди
15:30 / 28.10.2024
Ўзбекистондаги туғилишлар сони камайди. Нега?
17:35 / 25.10.2024
Ўзбекистонда туғилиш камайди, ўлимлар сони эса ошди
12:36 / 13.10.2024