Жаҳон | 22:41 / 07.01.2023
21842
2 дақиқада ўқилади

Хитой суди амалдорни 78 миллион доллар пора олгани учун ўлимга ҳукм қилди 

Ҳукм 2 йилга кечиктирилди ва умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилиши мумкин. 

Фото: Giulia Marchi/Bloomberg

Хитой шарқидаги Тайан шаҳри суди 6 январ куни Ляонин провинцияси Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши раисининг собиқ ўринбосари Ли Вэнсини 540 миллион юан (тахминан 78 миллион доллар) миқдорида пора олгани учун ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда «Жэнмин жибао» газетаси хабар берди. 

Нашрнинг ёзишича, ҳукм ижроси икки йилга кечиктирилган. Шу билан бирга, айбланувчининг барча мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинади. Шу билан бирга, ҳукмда қайд этилганидек, икки йиллик муддатдан кейин жазо умрбод озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилиши ҳам мумкин. 

Маҳаллий суд ҳокимиятига кўра, Ли Вэнсининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари «мамлакат ва халқ манфаатларига жиддий зарар етказган». Бироқ айбланувчи тергов билан фаол ҳамкорлик қилган, бу эса айбни енгиллаштирувчи ҳолат сифатида қайд этилган. 

Хитой ҳукумати 2012 йилда Си Жинпинг бошчилигидаги раҳбарларнинг «бешинчи авлоди» ҳокимият тепасига келганидан кейин коррупцияга қарши курашни кучайтирди. Сўнгги йилларда коррупцияга қарши кенг кўламли тадбирлар натижасида кўплаб юқори мансабдор шахслар ўз лавозимларидан айрилди, умрбод қамоқ жазосига ёки ўлимга ҳукм қилинди. 

Хитой ўлим жазоси амалда сақланиб қолаётган дунёнинг кам сонли давлатларидан бири ҳисобланади. 

Мавзуга оид