Байденнинг шахсий офисида махфий ҳужжатлар топилди
Қисман ўта махфий деб таснифланган ҳужжатлар Байден номидаги Дипломатия ва глобал ҳамкорлик марказининг шахсий офис биноларида топилган.
АҚШ президенти Жо Байденнинг шахсий офисидан унинг АҚШ вице-президенти бўлиб ишлаган даврига оид махфий ҳукумат ҳужжатлари топилди, деб хабар бермоқда 9 январь, душанба куни Оқ уй матбуот хизмати. Ўз навбатида, CNN телеканали аниқлик киритишича, гап ўнлаб ҳужжатлар, жумладан, энг юқори даражадаги махфий ҳужжатлар ҳақида кетмоқда.
Қайд этилишича, ҳужжатлар Байден адвокатлари томонидан 2022 йил ноябрь ойида Пенсилвания университети қошидаги Байден дипломатия ва глобал ҳамкорлик марказида (Penn Biden Center for Diplomacy and Global Engagement) офисни бўшатиш чоғида қулфланган кабинетда топилган. Америка давлатининг амалдаги раҳбари 2017 йилдан 2020 йилгача АҚШ вице-президенти лавозимини тарк этганидан кейин ушбу офис биноларидан фойдаланган.
Ҳозир АҚШ Адлия вазирлиги махфий ҳужжатлар Байденнинг шахсий бюросига қандай кирганини текширмоқда. Бу борада унинг адвокатлари Адлия вазирлиги ва Миллий архив билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Ҳужжатларнинг мазмуни ва Байден улар ўз офисида эканлигини билганми ёки йўқми, деган савол очиқ қолмоқда.
Байден 2009 йилдан 2017 йилгача АҚШ вице-президенти лавозимида ишлаган. Ўшанда Барак Обама президент эди.
2022 йил август ойида ФҚБ АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг Флоридадаги қароргоҳида рейд ўтказди ва у ерда Трамп қоидаларга зид равишда давлат раҳбари лавозимини тарк этаётганда Миллий архивга топширмаган махфий ҳужжатларни топди. Ўшанда Байден бу ҳаракатни «масъулиятсизлик» деб атаганди.
Мавзуга оид
02:48
Сайлов бошланди, кўп овоз олиб ҳам ютқазиш мумкин бўлган сайлов
00:26
Трамп атрофида айланаётган Америка сиёсати: нега бундай бўлди?
21:46 / 05.11.2024
«Трамп президент бўлса, Яқин Шарқдаги вазият қийинлашади» — Камолиддин Раббимов
18:53 / 05.11.2024