Жаҳон | 21:02 / 10.01.2023
18695
2 дақиқада ўқилади

Хитой амалдори 34,5 млн доллар пора олгани учун ўлим жазосига ҳукм қилинди 

Тергов билан ҳамкорлик қилгани учун жазо 2 йилга кечиктирилди. 

Фото: China Daily via REUTERS

Хитойнинг Чанчун шаҳри халқ суди Давлат хавфсизлиги вазирлигининг партия қўмитаси собиқ аъзоси Лю Янпинни 234 миллион юан (34,5 миллион доллар) миқдорида пора олгани учун ўлим жазосига ҳукм қилди. Унинг ижроси 2 йилга кечиктирилди. Шу билан бирга, мулозим барча сиёсий ҳуқуқларидан умрбод маҳрум этилиб, мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинди. Бу ҳақда Хитой марказий ТВ хабар берди. 

Лю Янпин 2001 йилдан 2022 йилгача турли лавозимларда ишлаган, жумладан, Хитой Халқ Республикаси жамоат хавфсизлиги вазири ўринбосари, ушбу бўлимнинг партия қўмитаси аъзоси, вазирликдаги тартиб-интизомни текшириш гуруҳи раҳбари ва ҳ.к. Суд маълумотларига кўра, шу вақт ичида у департаментлар ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ва турли ишларни ҳал этишда ёрдам бериш учун пул ва кўчмас мулкни пора тарзида олган. 

Судланувчи ўз айбига иқрор бўлгани айтилмоқда. У тергов билан фаол ҳамкорлик қилиб, ноқонуний даромадларни қайтарган. Шу сабабли суд ўлим жазоси ижросини 2 йилга кечиктирган. Агар шу муддат давомида маҳбус ўзини яхши тутса, жазо умрбод қамоқ билан алмаштирилиши мумкин. 

2022 йил сентябр ойида худди шундай ҳукм собиқ адлия вазири, Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги раҳбарининг собиқ ўринбосари Фу Чжэнхуага ҳам чиқарилган эди. Тергов маълумотларига кўра, собиқ амалдор 2005 йилдан 2021 йилгача ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, умумий ҳисобда 117 миллион юан (тахминан 16,5 миллион доллар) пора олган ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган шахсларга ҳомийлик қилган. 

Январ ойида Хитой раҳбари Си Жинпинг партияни қаттиққўллик билан бошқариш ва коррупцияга умуман тоқат қилмасликка ваъда берган эди. 

Мавзуга оид