Ўзбекистон | 14:18 / 11.01.2023
2152
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон рақамлаштириш бўйича халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилади

2022 йилги халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг рақамлаштириш бўйича ўрни сезиларли даражада кўтарилди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Жаҳон банки GovTech Enablers индексига мувофиқ, рақамли кўникмалар ва давлат хизматларидаги инновациялар бўйича мамлакат 2020 йилга нисбатан 65 поғона юқорилади. Мазкур рейтинг натижаларига кўра, ҳукумат ва давлат хизматлари сектори бўйича Ўзбекистон 37 поғона юқорилаб, 198 мамлакат ичида рақамли трансформация соҳасида етакчи мамлакатлар «А» гуруҳидан жой олди.

Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан ҳар 2 йилда бир марта ўтказиладиган Электрон ҳукумат ривожланиши рейтинги жорий йилги натижаларига мувофиқ, Ўзбекистон бирйўла 18 поғона юқорилаб, “юқори/жуда юқори ривожланувчи” мамлакатлар қаторига кирди.

Oxford Insights томонидан ўтказилган “Ҳукумат сунъий интеллектга тайёрлик индекси” таҳлилида 2022 йили мамлакат 160 та давлат ичида 14 поғона юқорилади.

Open data Inception 2022 йилги таҳлилига кўра, дунёнинг 201 та мамлакатлари орасида очиқ маълумотлар манбалари ва улар сони бўйича Ўзбекистон 124 та очиқ маълумотлар манбалари билан 4-ўринни эгаллаган (1-ўрин АҚШ – 641 та манба, 2-ўрин Франция – 381 та манба, 3-ўрин Испания – 307 та манба). 2021 йилда мазкур кўрсаткичда республика 99 та манба билан 5-ўринни эгаллаган.

Буюк Британия халқаро нуфузли Cable.co ташкилоти томонидан 233 та давлат орасида Ўзбекистон мобил интернет нархи энг паст бўлган давлатлар қаторига киритилди. Мазкур рейтингда мамлакат 21-ўриндан (2021 йил 1-ярим йилликда) 15-ўринга (2022 йил 1 ярим йилликда) кўтарилди. 

The Economist Intelligence Unit томонидан ҳар йили эълон қилинадиган Inclusive Internet индексида республика ўтган йилга нисбатан 5 поғона кўтарилиб (2021 йилда 66-ўрин) 2022 йилда 61-ўринни эгаллади.  

SpeedTest Global Index индексида эса мамлакат 2021 йил якунида мобил интернет тезлиги бўйича дунё давлатлари орасида 128-ўринни ҳамда симли интернет тезлиги бўйича 94-ўринни эгаллаган бўлса, 2022 йил октябрь ойи якунига қадар 116-ўринга (мобил интернет тезлиги) ва 88-ўринга (симли интернет тезлиги) кўтарилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид