Жаҳон | 21:22 / 11.01.2023
21773
6 дақиқада ўқилади

Украинада аёз. Бу ҳарбий ҳаракатлар боришига қандай таъсир кўрсатади?

Анча илиқ кечган декабрдан кейин Украинада январ совуғи бошланди. Ҳарбий таҳлилчилар айнан шундай об-ҳаво қишки ҳужумларга туртки беришидан огоҳлантиришган. Аммо Россия-Украина урушида ҳам қўшинлар музлаган майдонлар бўйлаб ҳужумга ўтадими?

Фото: Украина қуролли кучлари Бош штаби

11 ноябр куни Херсон областида ўнг соҳил тўлиқ озод этилгач, Украинадаги фронт чизиғи амалда музлаб қолганди. Жанубда икки томон қўшинларини Днепр дарёси ажратиб турибди, Запорижжя йўналишида артиллерия дуэллари олиб борилмоқда.

Энг шиддатли жанглар эса Донецк ва Луҳанск областларида кечмоқда.

Россия кучлари, хусусан «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ёлланма жангчилари Бахмут ва Соледарга ҳужум қилмоқда, аммо Украина ҳукумати бу ҳужумлар муваффақиятга эришмаётганини таъкидлаб келмоқда. Ўз навбатида, Украина қуролли кучлари ҳам Луҳанск областидаги муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган Креминна ва Сватово шаҳарларига яқинлашиб келган.

Ҳар икки томон ҳам нам ҳаво ва тупроқ қиш учун анча юмшоқ бўлиб қолаётгани туфайли зирҳли техникалар билан кескин ёриб ўтишлар қила олмаётганди.

Аммо 8 январ кунидан Украина шарқида кучли совуқлар бошланди. Душанба куни Украина гидрометеорология хизмати тунда Бахмут атрофида Целсий бўйича -15 даража, Сватово атрофида эса -14 даража совуқ бўлишини прогноз қилди.

Бундай совуқ урушда кейинги воқеалар ривожига сезиларли даражада таъсир кўрсатиши мумкин.

Қишки тактика

АҚШ армияси муҳандислар корпуси 1993 йилда қуруқлик қўшинларининг қишки вақтда ҳарбий амалиётлар олиб бориши хусусиятларини батафсил тавсифловчи китобни нашр этади. Унинг муаллифи - келиб чиқишига кўра россиялик бўлган Жорж Свинцов Иккинчи жаҳон уруши даврида Германияда асир тушган, кейин АҚШга кетган.

Украина ҳам, Россия армияси ҳам совуқ кунлардаги жангларга тайёрланмоқда. Арестовичнинг сўзларига кўра, Киев қишки юришлар учун куч ва воситаларни россияликлардан олдин тўплашга улгурмади. Фото: EPA

Кенг тарқалган талқинга кўра, қишки вақтда ҳарбий ҳаракатлар фаоллиги сусаяди. Аммо, Жорж Свинцовнинг ёзишича, қиш фронтнинг икки томонидаги кучларнинг ҳам ҳаракатларини мураккаблаштирган шароитда ўзига ишончи юқори бўлган ва ҳарбийлари бундай шароитларга кўпроқ тайёр бўладиган томон устунликдан фойдаланиши мумкин.

«Ҳудуд устидан назоратни сақлаб туриш барқарорликни англатади. Қишда эса бу ҳаракатсизлик деганидир. Қишдаги ҳаракатсизлик эса - кечиктирилган мағлубиятдир, бу ҳолатда ҳудуд ўз стратегик аҳамиятини йўқотади», дейилади китобда.

Унинг сўзларига кўра, бундай вазиятдаги ягона самарали ёндашув ҳудуднинг қанчадир қисмини бой беришдан қўрқмасдан имкон қадар мослашувчанлик билан ҳаракатланиш бўлади.

«Мослашувчанлик омили мудофааланишда ҳам, ҳужум қилишда ҳам муҳимдир. Ҳужум қилишингиз, онгли равишда душманни ўтказиб юборишингиз (масалан, Сталинград билан бўлгани каби), қанотларга зарба беришингиз, душман қуроллари, ўқ-дорилари ва техникаларини эгаллаб олиб, зудлик билан уларни жангларда қўллашингиз мумкин - буларнинг бари муваффақиятга элтадиган мажбурий усуллардир», дея ёзади муаллиф.

Шу билан бирга, Свинцовнинг ҳисоблашича, сон жиҳатдан беш-олти баробар устунликка эга бўлинганида қишда ҳужум қилиш мумкин. Агар катта участка бўйича кучлар нисбатидаги бундай устунлик мавжуд бўлмаса, бундай устунликка локал миқёсда эришиш керак бўлади.

Ҳужумга ўтиш вақти келдими?

«Ҳарбий ҳаракатлар интенсивлашишини кутяпмиз. Кечаси совуқ -17 даражага тушди, бизнинг оғир техникаларимиз, ниҳоят тезлик билан олға ҳаракатланиши мумкин», деди 8 январ куни Луҳанск ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай.

Бахмут атрофида ҳозирда оғир жанглар кечмоқда, шаҳарнинг катта қисми вайрон этилган. Фото: Reuters

Ўз навбатида, у совуқ ҳаводан ҳам Украина, ҳам Россия фойдаланиши мумкинлигини қайд этган. Гайдайнинг сўзларига кўра, ҳозирда Россия армияси кучларини Бахмутдан Креминнага олиб ўтмоқда. Украина қуролли кучлари эса бу шаҳардан беш километр масофада жангларга киришган ва оккупация остидаги Северодонецкдан Сватовога борувчи таъминот йўлини кесиб қўйишга уринмоқда.

Россияликлар юриш қилишга тайёрланаётгани ҳақида Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси ҳам хабар берган. Бошқарма вакили Вадим Скибицкий Италиянинг Corriere della Sera нашрига берган интервюсида Россия ҳаво ҳарорати пасайиши фонида Украина энергетика инфратузилмаларига янги зарбалар йўллашга тайёрланаётгани, шунингдек мамлакат шарқидаги айрим йўналишларда ҳужум бошлашга уринаётгани ҳақида гапирган.

«Биз Донецк областида босим ошишига гувоҳ бўлмоқдамиз… Катта эҳтимол билан, улар Запорижжя областига янги ҳужум бошлашади. Харкив йўналишида эса бизнинг қарши ҳужумларимизни тўхтатишга уринишади. Ва Херсонда, айниқса ўзлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Қрим яриморолида мудофаа чизиқларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилишади», деган Скибицкий.

Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестовичнинг ишонч билдиришича, илк ҳужум амалиётларини айнан Россия бошлайди. Унинг сўзларига кўра, Украина ҳозирча яқин вақтлар ичида катта ҳужум бошлаш учун етарли куч ва воситаларни жамлашга улгурмаган.

«[Ғарб қуроллари] етказиб берилиши суръати туфайли биз улар ҳужум бошлашидан олдинроқ кучларни жамлашга улгурмадик», деган Арестович YouTube’даги «Фейгин-Live» эфирида.

Арестович Россия Харкив ва Запорижжя йўналишларида ҳужум бошлашини прогноз қилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид