Жаҳон | 08:22 / 12.01.2023
4509
3 дақиқада ўқилади

Варшава ва Лондон Украинага оғир танклар етказиб беришга тайёр

Полша Украинага 14 та Leopard-2 танкини етказиб бериши мумкин, аммо бунинг учун уларни ишлаб чиқарувчи - Германиянинг розилиги керак.

Фото: Regnum

Полша Ғарбнинг оғир жанговар танкларини Украинага жўнатишини эълон қилган биринчи НАТО давлати бўлди. 11 январь, чоршанба куни кечқурун халқаро коалиция таркибида Leopard-2 танклари ротасини Киевга ўтказиш тўғрисидаги қарорни Полша президенти Анжей Дуда Украина ва Литва президентлари Володимир Зеленский ҳамда Гитанас Науседа билан Лвовдаги учрашувдан сўнг эълон қилди. Гап 14 та танк ҳақида кетмоқда. Дуданинг баёнотига қарамай, Полша ҳали танкларни юбора олмайди, чунки бу уларни ишлаб чиқарувчи - Германиядан реэкспорт лицензиясини талаб қилади.

Берлин бунга ҳали тайёр эмас. Федерал канцлер матбуот котиби Штеффен Ҳебештрайт чоршанба куни кечқурун Германиянинг реэкспортга қарши позицияси ўзгармаганини айтди. Ҳебештрайт, шунингдек, НАТО иттифоқчиларининг реэкспорт сўровларидан ҳам, Украинага тўғридан тўғри Германиядан танклар юбориш таклифларидан ҳам бехабар эканлигини таъкидлади.

Германия январь ойи бошида Украинага 40 тагача Marder пиёда жанговар машиналарини топшириш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг, немис ҳукуматига Leopard 2 оғир жанговар танкларини Киевга етказиб беришни талаб қилаётганлар томонидан Украинага Европанинг ўзига хос «танк альянси» билан таъминлаш бўйича босим кучаймоқда. «Танк альянси» 2000 га яқин Leopard танклари билан қуролланган ҳамда Европа Иттифоқининг 13 давлатини бирлаштиради. Германия ва Полшадан ташқари, Финландия, Испания, Греция, Туркия ва Данияда бундай танкларнинг сезиларли сони мавжуд.

Финландия раҳбарияти бир кун аввал Leopard танкларини Украинага жўнатиш билан боғлиқ вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганини ва агар бир гуруҳ давлатлар етказиб беришни қўллаб-қувватласа, иштирок этиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.

Чоршанба куни Лондон ҳам танкларни Украинага ўтказиш ниятида эканлигини маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Риши Сунак мудофаа вазири Бен Уоллесдан келгуси ҳафталарда «Украинани қўллаб-қувватлаш, жумладан, танклар билан таъминлашда янада тезроқ ҳаракат қилиш учун ҳамкорлар билан ишлашни сўради», деб хабар берди Сунак канцелярияси. Sky News телеканалига кўра, Лондон Киевга Британия армиясининг Challenger 2 ўнта асосий жанговар танкини таклиф қилиши мумкин.

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний декабрь ойида Украинага ҳал қилувчи ҳужум учун 300 га яқин танк, 600-700 та пиёда жанговар техника ва 500 та гаубица кераклигини таъкидлаган эди.

Мавзуга оид